Қамалган блогерлар, ИИБдан соғ чиқмаган йигит, “умри узайган” Эрдўған – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Апрель-май ойларида Америкада бўлдим ва ўз хоҳишим билан Ватанга қайтдим. Келгунимча референдумни ўтказиб бўлибсизлар, сайлов эълон қилинибди, номзодлар ҳам аниқ. Ҳа, майли бунга алоҳида тўхталамиз. 

Яхшиям Америкага борганим, Вашингтонни айланаётиб, Марказий масжидда Ўзбекистон байроғи илма-тешик бўлиб ётганини кўриб, ўша байроқнинг элчихонамиз ходимлари томонидан ўзгартирилишига ҳисса қўшганим қолди. Келсам, Ўзбекистонда байроқ масаласи яна кун тартибида турибди. Қайсидир битирувчи байроқли лента илгани учун ички ишлар ходимлари билан жанжал чиқибди. Парадоксни қаранг: бир навқирон йигит ўз юртида байроқли лентаси учун сазойи қилиняпти, дунёнинг бошқа чеккасида, океан ортида эса Ўзбекистон байроғи ранги ўчиб, йиртилиб ётибди. Бугун қўлидан байроқ зўрлик билан олинган болалар эртага Ватанни, Ватан байроғини қандай ҳимоя қилсин? Қалампирнинг мен сафарга кетганда тўхтаб қоладиган анъанавий ҳафта воқеалари таҳлили яна эътиборингиз маарказида  

Вазир Назарбеков тадбиркор бўлиб чиқди

Озодбек ака 2016 йилдан буён расман тадбиркор сифатида рўйхатда турарканми? Сизлар ҳам эшитдингларми? Ҳа, ўша ўзимиз билган, қўшиқларига маст бўлган Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ҳақида гапиряпман. Шу ҳафта Назарбеков яна трендга чиқди. Маълум бўлишича, у 2016 йилда ташкил этилган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖнинг 100 фоизлик улуш билан таъсисчиси экан. Буни биз ўйлаб топганимиз йўқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги айтиб чиқди. 7 йил давомида ҳеч ким пайқамаганини қаранг. Аммо бу гап кенг оммага тарқалишидан олдин Назарбеков МЧЖ таъсисчилигидан чиққан.

Маданият ва туризм вазирлигига келгусида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига ҳамда вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ва коррупцияга йўл қўймаслик принципларига риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилган.

Мана шундан критик вазиятлар, керак бўлса халқаро масалалар муҳокамасидан ҳеч четда қолмайдиган Юлдуз Усмонова эса Назарбековнинг давлат амалдори бўла туриб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига нисбатан отилган тошларга ўзини тутиб берди. У дарров масалага муносабат билдириб, одамларни Назарбековни чўқимасликка чақирди.  

Юлдуз хонимнинг айтганларида жон бордир, Назарбеков ҳалол одамдир, яхши ишлаётгандир, аввалгидек қимматбаҳо кийинмаётгандир. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”да давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслиги белгилаб қўйилган. Усмонованинг эса бунга ақли ҳам, юридик билими ҳам етади. Ҳар ҳолда ўзи бир вақтлар депутат бўлган. 

Бошқа томондан қарасангиз давлат амалдорлари орасида очиқдан очиқ тадбиркорлик билан шуғулланиб, “йўқ, меники эмас ёки лавозимга ўтиришдан олдин фалончига топширдим”, деб ўйин қиладиганлари топилади. Усмонова ҳам айнан шуни айтмоқчи бўлгандек, “давлат пулини Назарбеков эмас, бошқалар ўғирлаган ва улар ҳақида ҳеч ким гапирмаган”, деяпти. Ўғирлаганлар эса аллақачон ўлиб кетганмиш. 

Усмонова давлат пулини айнан ким ўғирлаганига аниқлик киритмаган. Бироқ у бундан бир неча йил аввал Биринчи Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани ҳеч иккиланмай ўғри деб чиққан эди. 

Бош вазир ўғлини ишдан олди

Биз бу ерда Назарбековнинг МЧЖ таъсисчиси эканини, бу фош бўлгач, МЧЖ таъсисчилиги бошқа одамга ўтганини муҳокама қилиб ўтирибмиз. Японияда эса Бош вазир ўғлининг хатти-ҳаракатридан уялиб, уни ишдан бўшатди. 

Гап шундаки, Бош вазир Фумио Кисиданинг ўғли Сётаро Кисида отасининг котиби лавозимидан истеъфога чиқди. Бунга унинг қариндошлари ва танишларини Бош вазир қароргоҳига таклиф қилгани ортидан чиққан можаро сабаб бўлди.

Сётаро Кисиданинг ўтган ҳафта чоп этилган бир нечта суратлари оммавий норозиликка сабаб бўлган. Суратлардан кўриниб турибдики, кичик Кисида ўтган йили дўстлари билан Бош вазирнинг расмий қароргоҳида Янги йил кечасини ўтказган. Байрам 2022 йил 30 декабрда бўлиб ўтган.

Суратлардан бирида 32 ёшли Сётаро Кисида бир нечта шериклари билан Бош вазирнинг расмий қароргоҳи қизил гиламида турганини кўриш мумкин. Одатда бу жойда Вазирлар Маҳкамасининг расмий суратлари олинади. Расмда Сётаро Кисиданинг ўзи марказда, яъни Бош вазир ўрнида турган. Бошқа суратда эса у дўстлари билан матбуот анжумани ўтказаётгандек минбарда гавдаланган.

Фумио Кисида ўғлининг хатти-ҳаракати Бош вазирнинг сиёсий масалалар бўйича котиби лавозимини эгаллаган шахсга мос эмаслигини тушуниб етиб, уни жавобгарликка тортиш мақсадида ишдан бўшатишга қарор қилган. Вазирлар Маҳкамаси Матбуот хизмати эса расмий қароргоҳ суиистеъмол қилинмаслиги учун аллақачон чоралар кўрилганини маълум қилган. Негадир уларнинг Юлдуз Усмоноваси “Бош вазирнинг ўғли шу ишни қилса қилибди-да, зато битта костюми иккита бўлаётгани йўқ”, деб ғамхўрлик билан видеомурожаат қилмаган. 

Қиличдорўғли судланиши мумкин

Туркияда ҳам расмийлар билан боғлиқ вазият оғир. Президентлик сайловида Эрдўғанга ютқазган Камол Қиличдорўғли депутатлик мақомидан маҳрум бўлди. Энди у ўзига нисбатан қўйилган 40 га яқин айблов бўйича судга тортилиши мумкин. 

Гап шундаки, Қииличдорўғли 2002 йилдан буён парламент депутати сифатида дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиб келади. Бу йил эса президентликка номзодини қўйгани учун парламент сайловларида иштирок этмаган ва энди депутат ҳам эмас. Унга нисбатан қўйилган 40 га яқин жиноий аризадан бирортаси прокуратура томонидан маъқулланса, у судга тортилади. Даъволар ичида 16 таси “Президентни ҳақоратлаш, таҳдид ва туҳмат қилиш” айблови ҳисобланади.

Қиличдорўғлининг депутатлик дахлсизлиги 2 июнь куни, янги парламент қасамёд қабул қилиб, ишга киришгани билан тугади. 

Унга суд жараёнига таъсир ўтказишга уриниш, омма олдида ҳақорат қилиш, мансабдор шахсларни ўз бурчи юзасидан ҳақорат қилиш, қўмиталарда фаолият юритаётган мансабдор шахсларни ўз хизмат вазифалари юзасидан ҳақорат қилиш, тергов сирини ошкор қилиш, жиноят ва жиноятчининг ёнини олиш, таҳдидли даъво каби айбловлар қўйилмоқда. 

Шунингдек, Миллат Иттифоқининг қолган аъзолари ҳам вице-президентликка номзод бўлганлари учун парламент аъзоси бўла олмаган. Шу сабабдан, Мерал Акшенер, Али Бобожан, Аҳмад Довутўғли, Гултекин Уйсал ва Темел Карамуллаўғли ҳам ҳозирда депутатлик дахлсизлигига эга эмас. Прокуратура уларнинг ишлари бўйича ҳам даъво очиш имкониятига эга. Булар орасидан Эрдўғаннинг ягона аёл мухолифатчиси Мерал Акшенерга қарши 2016 йилда қўзғатилган Фатҳуллоҳ Гулен ташкилоти аъзоси бўлганлик айблови бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қашқадарёда блогер ўласи қилиб калтакланди, сўнг қамалди

Қашқадарё тугаётган ҳафтада уч блогерлар қамалган вилоят сифатида ном чиқарди. Аввалига ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи блогер ва Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Элмурод Одилов пилла пунктида ИИБ ходимлари томонидан ўласи қилиб калтаклангани, сўнг изсиз йўқолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Орадан кўп ўтмай, вилоят Ички ишлар бошқармаси тилга кирди. 

Муносабатда айтилишича, жорий йилнинг 26 май куни тахминан соат 22:30 лар атрофида Яккабоғ тумани “Ибн Сино” МФЙ ҳудудида жойлашган пилла маҳсулотини сақлаш омборхонасида ўзини блогер деб таништирган фуқаро Элмурод Одилов пилла топшириш масканига борган. Кейин фермерларнинг ишига аралашиб, уларга турли номуносиб савол-жавоблар қилиши оқибатида ўрталарида жанжал келиб чиққан. Ушбу жараёнда фуқаро Одилов фермерларни ҳақорат қилган.

Шундан сўнг пилла етиштирувчи фермерлар фуқаро Элмурод Одиловнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Яккабоғ туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.

Ички ишлар бошқармасига кўра, ҳолат масъул ходимлар томонидан атрофлича ўрганилиб, фуқаро Одиловга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ва 198-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлар бўйича Яккабоғ тумани судига юборилган.

Суднинг ҳукми Элмурод Одилов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 198-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) ҳуқуқбузарлигини содир қилган деб топилган. Унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Орадан кўп ўтмай,  Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Элмурод Одилов адвокатга судга қадар Ички ишлар ходимлари томонидан калтакланганини маълум қилганини билдирди. 

Қайд этилишича, 1 июнь куни “Эзгулик” жамияти адвокати Қашқадарё вилояти ИИБнинг жамоат тартибини сақлаш махсус марказида блогер Элмурод Одилов билан учрашган. Адвокатга кўра, блогернинг чап оёқ сон ва болдир қисмларида жароҳат излари яққол кўринган. Адвокат билан учрашув қамоқхона нозирлари назоратида ўтказилган. Шунга қарамай, блогер ўзининг судга қадар ИИБ ходимлари томонидан калтакланганини айтган.

Жамият хабарида алоҳида урғуланишича, Одилов сақланаётган қамоқхона шароити ўта ачинарли. Овқатланиш рациони жуда қониқарсиз. Ичимлик суви муаммо, санитария қоидаларига амал қилинмайди.

Шунингдек, суд қарори судланувчига ҳам, унинг адвокатига ҳам берилмаган. Блогернинг тан жароҳатлари борасидаги мурожаатлари ўрганилмаяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти блогерга нисбатан тан жароҳати етказган муассаса ва унинг ходимлари ҳаракатларини кескин қоралаб, прокуратурани вазият юзасидан текширув ўтказиб, ҳолатга баҳо беришга чақирган. 

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, Одилов айни аномал совуқ даврида “свет” ва газдаги муаммолар сабаб Сенат раиси Танзила Норбоеванинг истеъфосини сўраб чиққан эди. 

Яна Қашқадарё, яна блогерлар, яна қамоқ

Блогерлардан узоқлашмаймиз. Ижтимоий тармоқларда “AvtoblogUZ” Telegram канали асосчиси Мақсуд Музаффаров ҳамда қашқадарёлик яна бир таниқли блогер Умид Каримов (“Капитан Каримов”) Ички ишлар ходимлари билан тортишгани учун қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Мақсуд Музаффаров ўзининг блогида бу ҳақда маълум қилиб, воқеа тафсилотлари бўйича қисқача видео жойлаштирди.

У “тезкор хабар кутамиз”, деб видеомурожаатини якунлаган. Шундан сўнг у билан ҳам алоқага чиқишнинг имкони бўлмагани ҳақида хабар берилди.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳолат бўйича расмий муносабат билдириб, блогерлар Музаффаров ва Каримовга нисбатан қамоққа олиш жазоси тайинланганини маълум қилди.

Бошқарманинг билдиришича, шу йилнинг 29 май куни тахминан соат 10:20 ларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари “Пиллакашлик” маҳалласининг Пиллакашлик кўчасида 2 та давлат рақамисиз, ойналари тўлиқ қорайтирилган ҳамда рухсатсиз қайта жиҳозланган Gentra автомашиналарга нисбатан ҳужжатларни расмийлаштиришда транспорт воситалари ҳайдовчилари, яъни Музаффаров ва Каримов ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан жанжал чиқариб, оммани ўзига қаратган.

Бошқарма томонидан ҳолатга аниқлик киритилиб, уларнинг шахси аниқлангач, фуқаролар нисбатан қонунчилик тартиби бузилганлиги ҳолати бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний тўхтамга келишлик учун жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига юборилган.

Суддагилар ҳам тайёр тургандек, шу куннинг ўзидаёқ қарор чиқариб берган. Суднинг 29 май кунидаги қарорига биноан блогер Умид Каримовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда Мақсуд Музаффаровга 183- ва 126-моддаси 1-қисми, 125-моддаси 5-қисмига асосан, ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган

Собиқ депутат, айни пайтда Табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаётган Расул Кушербоев Telegram’даги каналида ҳар икки блогерни танишини, улар жиноятчи эмас, фаол ва талабчан фуқаролар экани ҳақида ёзиб қолдирди. 

У фуқароларнинг бефарқ бўлмаслиги адолатли, демократик, кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлида муҳим эканини таъкидлаган. Бироқ, унинг билдиришича, “амалда фаол бўлиб, бир оғиз савол берган ёки эътироз билдирганларни “ёпиш” тўхтамаяпти”.

“Бу ҳаммани чўчитади. Масалан, қашқадарёлик блогерларни ички ишлар ходимларига эътироз билдиргани ва қонунийликни талаб қилгани учун ИИБ биносига олиб кетиб суд орқали қамашмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Агар шундай бўлса бу даҳшат: янги Конституция, янги Ўзбекистон, деган гаплар шунчаки ҳавода деган хулоса беради.  Ўзим шахсан бу икки блогерни танийман. Улар жиноятчи эмас, улар жамиятнинг уйғоқ, фаол, талабчан фуқаролари холос”.

Мирзиёев президентлик учун нималарни ваъда қиляпти?

Дастур аввалида айтганимдек, жорий йилнинг 9 июль куни Ўзбекистонда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилиши белгиланибди. Унда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Ҳамзаев, Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илёсович Иноятов, “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Маҳмудова, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев Президентлик учун курашади. Уларнинг аллақачон сайловолди дастури ҳам тайёр. 

"Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров эса президентликка қодирмас кўринади. У ўз номзодини қўймаслигини ва умуман унинг партияси сайловга номзод кўрсатмаслигини маълум қилган. Партияси раҳбари Алишер Қодиров амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Албатта, номзодлар орасида Мирзиёевнинг дастури эътиборимни тортди. Ҳанр ҳолда унда давлат байроғидан фойдаланиш масаласига тўхталинган.

Амалдаги ЎзЛиДеП қурултойида Президент давлат байроғидан фақат байрам ва маросимларда ёки спорт мусобақаларида кўтаришда фойдаланилаётгани, эндиликда эса унинг ҳар бир хонадонда ҳилпираб туришига рухсат берувчи ҳужжатни қабул қилиш вақти етганини айтган. Мирзиёев бу гапларни айтганидан 2 кун ўтар-ўтмас “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Шунингдек, Мирзиёев сайловолди дастурида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилишини маълум қилди.

2030 йилга бориб иқтисодиёт 2 баробарга оширилиб, 160 миллиард долларга етказилади. Бунинг натижасида, Ўзбекистон “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киради. 

Энг муҳими, Президент 4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилиб, автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлишини ва ишлаб чиқариш ҳажми йиллик 1 миллион донага етказилишини айтган. Йилига 300 мингта электромобил ишлаб чиқарилади.

Амалдаги давлат раҳбарининг ваъдаларига кўра, авиақатновлар сони 4 марта оширилади, Тошкент – Самарқанд, Навоий – Бухоро йўналишларида қўшимча тезюрар темир йўллари қурилади, темир йўл соҳасига хусусий сектор жалб қилиниб, хизматлар сифати рақобатбардош нархлар асосида белгиланади, 6 та йирик аэропорт модернизация қилинади, хусусий авиакомпаниялар сони 10 тага етказилади, 2030 йилга қадар туман марказларидан ҳар бир қишлоққача – жами 5,5 минг километр цемент-бетон йўллар қурилади ва жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олинади.

Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Фарғона водийси йўналишларида хусусий шериклик асосида янги автомобиль йўллари қурилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сайлов 9 июль куни бўлиб ўтади ва Янги конституцияга кўра президент энди 7 йилга сайланади. 

ТИВ урушда ўлаётган мигрантлар қолиб Шимолий Корея ҳақида бош қотиряпти

Шимолий Корея Япониянинг Окинава ороли томон биринчи разведка сунъий йўлдоши билан ракета учирди. Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати ракета қулаганини аниқлаган. Япониянинг Окинава оролида илгари эълон қилинган эвакуация бекор қилинган, чунки ракетанинг траэкторияси ва тахминий зарба зонаси Япониядан ташқарида жойлашган.

КХДР маъмуриятига кўра, сунъий йўлдошни учириш вақтида авария юз берган. Бунга сабаб ракета двигателлари ишидаги муаммолар ва ёқилғининг беқарорлиги бўлган.

Япония Бош вазири Фумио Кисида ракета учирилишидан зарар кўрилгани ҳақида хабарлар йўқлигини айтган. 

29 май куни Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати Шимолий Корея 31 майдан 11 июнгача бўлган даврда мамлакатнинг биринчи разведка йўлдошини учириш ниятида эканини аниқлаганди.

Вашингтон маъмуриятининг фикрича, Шимолий Кореянинг ракета ташувчи учирилиши Осиё-Тинч океани минтақаси ва ундан ташқарида вазиятни беқарорлаштириш хавфини оширади.

Дунёнинг кўплаб минтақаларида бўлаётган ҳодисаларга, жумладан Россиянинг Украинадаги урушига ўзбекистонлик мигрантлар жалб қилинаётганига айтарли қатъий баёнот билан чиқмаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Корея томонидан ташувчи космик ракета учирилганидан хавотир билдирди.

Ташқи ишлар вазирлигининг қайд этишича, ушбу ҳолат Корея ярим оролидаги кескинликнинг янада кучайишига олиб келади. 

“БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ оммавий қирғин қуролларининг барча турларини синовдан ўтказишдан бош тортилиши тарафдоримиз. Ўзбекистон томони бундан кейин ҳам умумий фаровонлик ва тараққиёт йўлида Корея ярим оролида хавфсизликни таъминлаш бўйича фаол қадамларни қатъий қўллаб-қувватлайди”, дейилади ТИВ баёнотида.

Шимолий Кореани ракета учирганидан хавотир олаяпмизу, лекин негадир Амударё сувини кескин камайтириб, бир қатор ҳудудларимизни сувсиз қолдириши мумкин бўлган Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали ҳақида хавотирланмаяпмиз. Мен кўпроқ каналдан хавотирдаман. Ишқилиб хавотирларим асоссиз бўлиб чиқсин.

Бу гаплар менга оид эмас. Собиқ депутат ва ҳозирда вазир маслаҳатчиси Расул Кушербоевга тегишли. 

Таъкидлаш жоизки, Қўштепа канали Афғонистоннинг Балх, Жаузжон ва Фарёб вилоятларида 3 миллион жериб (1 жериб – 2000 квадрат метр) ерни суғориш ва 250 мингга яқин аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида қурилмоқда. Каналнинг узунлиги 285 км, эни 100 метр, чуқурлиги 8,5 метр бўлиши керак. Канал Амударёнинг Балх вилояти Калдар туманидаги қисмидан бошланади ва сувни худди шу дарёдан олади. 

2022 йил ноябрь ойининг охирида каналнинг қарийб 40 километр қисми қуриб битказилган. Лойиҳани якунлаш 2028 йилга мўлжалланган.

Мутахассислар Қўштепа канали фойдаланишга топширилгач, ҳудуддаги сув ҳавзаси билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашишидан хавотирда. Шусиз ҳам сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг барча республикаларида сув танқислиги тобора кучайиб бораётган эди. Канал қурилиши эса вазиятни янада кескинлаштиради.

Айниқса Ўзбекистон ва Туркманистон энг кўп зарар кўриши мумкин. Мамлакатлар минтақанинг асосий дарёсидан суғориш ишлари учун оладиган сувнинг 15 фоизини йўқотиш эҳтимоли бор. Лекин Марказий Осиёда сувнинг асосий истеъмолчиси Ўзбекистон бўлиб, унинг аҳолиси 36 миллион кишига етган ва ўсишда давом этмоқда. Бундан ташқари, республикадаги сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади.

Йиқилиб туролмаётган Байден

Жорий ҳафта АҚШнинг 80 яшар кекса Президенти Жо Байден яна йиқилиб, ўрнидан базўр тургани акс этган видео билан эсда қолди. У Колорадодаги АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари академияси курсантларига диплом топшириш маросимида йиқилиб тушди. 

Видеода кўриш мумкинки, Оқ уй раҳбари саҳнада турганида оёқлари остидаги қутига қоқилган. У ўрнидан туришга қийналиб, мувозанатини сақлай олмаган. Шундан сўнг ёрдамга келган соқчилар америкалик етакчини оёққа туришига ёрдам берган.

Қайд этиш керакки, бу йил 81 ёшни қаршилайдиган Жо Байден АҚШ тарихидаги энг кекса Президентга айланди. Камига у 2024 йилда бўлиб ўтадиган сайловда ҳам қатнашмоқчи. 

Байденнинг ақлий қобилиятидан унинг атрофидагилар, хусусан шифокорлари хавотирда.  У жорий йилнинг март ойида Канадага борганида мамлакат номини Хитой билан адаштириб юборганди. Шунингдек, январь ойида Оқ уйда нутқ сўзлаш вақтида вице-президент Камола Харрисни “президент” деб атаган. Бундан ташқари, Байденнинг нутқ вақтида “йўқ одамлар” билан гаплашиши ёки уларга қўл бериши ҳолатлари ҳам тез-тез юз бериб туради. 

Жапаров Путинга қарши бордими?

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Президент Садир Жапаров бошчилигида"Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" иккинчи саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди. У ерда Мирзиёев Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель билан учрашди. Уларнинг самимий мулоқоти акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. 

Саммитда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров Марказий Осиёнинг бошқа раҳбарларидан фарқли ўлароқ Россия-Украина уруши бўйича муносабат билдирди. У ўз нутқида Украинада тинчликка эришишга чақирган. 

Садир Жапаров саммитда Украинадаги вазият бўйича Қирғизистон томони ҳар қандай можаро музокаралар столида ҳал қилиниши кераклиги тарафдори эканини билдирган.

“Биз бу урушни тугатиш учун ўзаро мақбул ечим излашга ҳисса қўшадиган воситачилик ҳаракатлари ва тинчлик ташаббусларини олқишлаймиз”, деб гап бошлаган Жапаров.

У, шунингдек, Россия раҳбари Владимир Путинга ёқмайдиган ним косали гап айтиб, бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилиниши ва ички ишларига аралашилишини қоралаган. 

“Қирғизистон ҳудудий яхлитлик, суверенитет, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига қатъий амал қилади ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига риоя этилиши тарафдори ҳисобланади", дейди Садир Жапаров.

Эрдўған бозоргача эмас, мозоргача ҳокимиятда қоладими?

Туркия Республикасини 2028 йилгача бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган Ражаб Тойиб Эрдўған 29 майга ўтар кечаси ўз ғалабасини Анқарадаги Бештепа Президентлик мажмуасида тарафдорлари билан бирга нишонлади. У ўзининг Истанбул ва Анқарадаги ғалаба чиқишларидаги нутқини асосан рақиби Камол Қиличдорўғли ва унинг номзодини кўрсатган партияларни қоралашга бағишлади. Уларни бесоқолбозлик тарғиботида айблади. Ўзи раҳбарлик қилаётган “Адолат ва тараққиёт” партиясида бунга ўрин йўқлигини билдирди. 

Бошқа томондан Туркияда ўтган сайлов сиёсий таҳлилчилар томонидан тарихга боғланди. Сайловнинг биринчи тури ўтказилган 14 май тарихига қарайдиган бўлсак, бундан 73 йил аввал айнан шу кунда Жалол Баёр ва Аднан Мендерес бошчилигидаги “Демократлар” партияси “Жумҳурият халқ партия”сидан мамлакат бошқарувни олган эди. 1960 йилнинг 27 май куни эса мамлакатда давлат тўнтариши амалга оширилиб, Президент Жалол Баёр ва Бош вазир Аднан Мендерес ҳокимиятдан ағдарилди. 1961 йил сентябрда Баёр узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинди, Мендерес эса осилди. 

1453 йилнинг 29 май куни Усмонийлар империясидан Султон Меҳмет II Истанбулни эгаллайди. Бу йил Истанбул Усмоний империясига ўтганига 570 йил тўлди. Шу боис Эрдўған илк ғалаба нутқини Истанбулда қилди ва сўнг Анқарага жўнаб кетди. У дунёга Истанбул фатҳ қилинган ва ўзи сайловда ғалаба қилган кунда нутқ қилиш орқали бир қатор месежлар беришга урингани айтилмоқда. Бошқа томондан у ўз нутқида бизнинг йўлимиз бозоргача эмас, мозоргача дегани Эрдўған ҳали ҳокимиятда кўп қолишини англатади.

Эрдўғаннинг партияси 2019 йил шаҳар ҳокимлиги учун ўтказилган сайловларда энг йирик шаҳарлар, хусусан Истанбулни бой берган. Айни вақтда пойтахт Анқара ва Усмонийлар империяси маркази бўлган Истанбул бошқаруви Эрдўғанга мухолиф “Жумҳурият халқ” партияси қўлида. Эрдўған эса бир сайлов тугамасидан иккинчига тадорикни бошлаб юборган. У Истанбулдаги ғалаба нутқида 2024 йилдаги шаҳар ҳокимлиги учун сайловларга тайёргарлик ҳақида гап очди. 

Эрдўғаннинг ғалабаси у қоралаган ва ЛГБТ тарғиботида айблаган партиялар раҳбарлари томонидан очиқ юз билан қабул қилинди ва тан олинди. Хусусан Мераль Акшенер Эрдўғанни табриклади ва уни бу сафар сайлаган ва сайламаган ҳар қайси фуқаронинг президенти эканини унутмасликка, давлатда йиғилиб ётган муаммоларга ечиб топишга чақирди. 

Акшенер сўзида давом этаркан, эндигина президентликка янгидан сайланган Эрдўған ишни ўз рақибини ҳақоратлаб, унинг устидан кулишдан бошлаганини қоралади.

Камол Қиличдорўғли эса кўп гапиргани йўқ. Яна ишида давом этишини билдирган сиёсатчи мамлакат сўнгги йиллардаги энг адолатсиз сайловни бошдан кечирганини урғулади. 

Эрдўған 3 июнь куни навбатдаги 5 йиллик учун қасамёд қилди. Маросимда кўплаб давлатлар раҳбарлари қаторида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди. Инаугурация маросимида мухбирларимиз алоҳида кўрсатув тайёрлаган, уни YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин. 

Ички ишлардан яна бир йигит соғ чиқмади

21 яшар Ҳафизуллоҳ Турғунов Чилонзор тумани Ички ишлар бўлими биносига ўз оёғи билан кириб, у ердан оғир аҳволда чиқди ва шифохонада вафот этди. 

Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга ишонадиган бўлсак, 22 май куни тонгги соат 04:30 ларда Чилонзор туманидаги йўл патруль хизмати масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторлари томонидан Gentra русумли транспорт воситаси тўхтатилган. 

Мазкур автомобиль йўловчиси 2002 йилда туғилган Ҳафизуллоҳ Турғунов ўз хатти-ҳаракатлари билан ходимларда шубҳа уйғотгани сабаб холислар иштирокида текширилган ва унинг ёнидан ўткир ҳидли тўқ жигарранг рангдаги модда борлиги аниқланиб, расмийлаштириб олинган. Ҳафизуллоҳ Турғунов ва тўпланган ҳужжатлар Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига топширилган.

Ўтказилган судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, йигитнинг ёнидан топилган модда 53,52 граммни ташкил қилиб, “гашиш” гиёҳвандлик моддаси экани аниқланган. 

Ҳафизуллоҳ Турғуновга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган. Шу куни тахминан соат 18:50 ларда Ҳафизуллоҳ Турғунов Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимидаги 4-қаватда жойлашган хизмат хонасига олиб кетилаётган вақтида, ҳожатхонага киришни сўраган. У 4-қаватда жойлашган ҳожатхонага киргандан сўнг, терговдан қочиб яшириниш мақсадида ҳожатхона деразасидан пастга сакраши оқибатида бош ва тана қисмидан турли жароҳатлар олган. Ғиёсовга кўра, мазкур ҳолат бинога ўрнатилган видеоёзув мосламаларида қайд этилган. Бироқ Ғиёсов бу ҳолат акс этган видеоларни тақдим этмаган. 

Туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари йигитга зудлик  билан тез-тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борган. Унга "бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суягини синиши, тана аъзоларининг гематомаси" ташхиси қўйилган. 29 май куни Турғунов шифохонада вафот этган. Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича Ғиёсов берган муносабат журналистларимиз томонидан ўрганилмоқда. Тез орада батафсил маълумот берамиз. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Эрдўған ҳафта таҳлили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг