Давосдаги форум қатнашчилари Украинадаги урушни дипломатик йўл билан тўхтатишга чақирди – NYT
Олам
−
17 Январь
4032Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида Европа ва жаҳон сиёсатчилари ҳамда йирик бизнес вакиллари Киев ҳал қилувчи паллада ташқи молиявий ёрдамни бой бераётганидан хавотир билдирди. Бироқ улар ҳам очиқчасига, ҳам саҳна ортида урушни дипломатик йўл билан тугатишга чақирди. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси хабар берди.
Нашрнинг таъкидлашича, бу ҳафта Давосда Украинадаги уруш мавзуси "сезиларли, аммо доминант эмас". Форумда Украинага бағишланган икки воқеа – Украина минерал захираларининг Европанинг қайта тикланадиган энергияга ўтишидаги аҳамияти ва урушда Украина учун курашган тўрт аёлнинг нутқи диққат марказида бўлган.
Бундан ташқари, кеча, 16 январь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Давос форумида нутқ сўзлади. У Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги можарони музлатиш ғоясини рад этиб, Владимир Путинни "музлатилган овқат билан қаноатланмайдиган йиртқич" деб атади.
"Уруш музлатиш билан тугамайди. 2014 йилдан кейин Донбассда урушни тўхтатишга уринишлар бўлди, нуфузли кафиллар бор эди", деб эслайди Зеленский.
Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак ҳам Давосдаги матбуот анжуманида Украинага музлатилган можаролар эмас, балки адолатли дунё керак эканини айтган.
Бунгача, 15 январь куни форумда Зеленский томонидан 2022 йил ноябрида тақдим этилган “тинчлик формуласи” муҳокама қилинган. Унга Россия қўшинларини Украинанинг халқаро тан олинган ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиб кетиш, ҳарбий жиноятчиларни жазолаш ва Украинага етказилган зарар учун товон тўлаш киради. Шу куни Швейцарияда Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича конференция Россия иштирокисиз ўтказилиши маълум бўлди. Швейцария Ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис эса Россиянинг музокараларга қўшилиши тарафдори эканини билдириб, бусиз тинчлик бўлмаслигини айтган.
Ўз навбатида, Президент Владимир Путин кеча, 16 январь куни Россия Федерацияси “сўнгги бир ярим йил ичида Украинада қўлга киритган ютуқларидан воз кечмаслигини” таъкидлаган.
Маълумот учун, Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми 19 январга қадар давом этади.
LiveБарчаси