Давлатнинг бирлиги учун курашаётганларга тош отиш вақти эмас – Раббимов Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида

Жамият

image

Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг тарихида, тақдирида мураккаб даврлар бўлади. Бугун, Ўзбекистон давлатининг, ўзбек ва қорақалпоқ ягона халқининг имтиҳон кунлари ҳисобланади. Бу ҳақда сиёсатшунос ва таҳлилчи Камолиддин Раббимов Telegram саҳифасида ёзиб қолдирган. 

“Келажакда, сизнинг фарзандларингиз ўзини қандай ҳис қилиши - бугунги кундаги сиз-у бизнинг қандай ўйлашимиз ва қандай ҳаракатлар қилишимизга боғлиқ! 

Сизнинг фарзандларингиз парчаланган ва иҳоталанган, бошқаларга бўйсундирилган давлатчада яшайдими, ёки минтақа билан бирлашиб, борган сари қудратли давлатда яшайдими – бугунги фикрлашимизга ва ҳаракатларимизга боғлиқ! 

Сизни давлатингизни парчалаб ташлашни, ўзларига бўйсундиришни истайдилар! Сизни эса ўзларига тобе ёки иккиламчи миллат сифатида кўришни истайдилар. Яна кимлардир сизни тимсолингизда ўзлари учун рақиб кўрадилар. Сизда рақиб кўрганлар, улар ақл билан эмас, ҳасад ва эҳтирос билан ўйлайдилар. Сизни тобе кўришни истаганлар, сизда ўзлари учун мардикор ва хизматкор кўрадилар. 

Бу қийин кунлар ўтади. Биродарлар ўртасидаги эҳтирослар кетиб, иймон ва ҳуқуқ асосидаги бирлик қайтади. Лекин, бугун давлатнинг ва миллатнинг бирлиги учун курашиш керак. Давлатнинг бирлиги учун курашаётганларга тош отиш вақти эмас. Давлатнинг бирлиги учун ҳаракат қилаётганларни қўллаб-қувватлаш вақти. Бугун давлатингиз ва миллатингиз бирлиги учун, келажак авлодларингизни бирлиги, хавфсизлиги ва ғурури учун курашадиган кунлар!”, деб ёзган Раббимов. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, кеча, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

430

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг