Давлатимизни бу шармандаликдан қутқаришимиз керак – Эрдўған

Олам

image

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатнинг янги конституциясини қабул қилишни ўз маъмуриятининг устувор йўналишларидан бири деб атади. У бу ҳақда бугун, 28 октябрь куни Анқарада ўзи бошчилигидаги “Адолат ва тараққиёт” партиясининг ҳокимиятдаги 20 йиллик фаолияти ва сайловолди дастурининг сарҳисоби деб аталадиган “Туркия асри” лойиҳаси тақдимотида айтди.

Эрдўған, сўнгги 20 йил ичида Туркияда таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни таъминлаш, хавфсизлик, транспорт, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ютуқларни санаб, яна амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳам борлигини урғулади. 

“Буларнинг бошида мамлакатимизни [давлат] тўнтариш конституцияси шармандалигидан қутқариш ва бутунлай янги, фуқаролик, демократик ва либертар конституцияга эга бўлишга уринишларимиз турибди”, дейди Эрдўған.

Эрдўған 1980 йилнинг 12 сентябрь куни мамлакатда содир этилган давлатга қарши тўнтаришни эслади ва амалдаги конституция ушбу тўнтаришни амалга оширган гуруҳ томонидан ишлаб чиқилгани, асосий қонунда тўнтариш асоратлари яшаётганини айтди. 

“12 сентябрь давлат тўнтариши конституциясининг амал қилиш муддати аллақачон тугаган. Бу йўналишда бошлаган ташаббусларимиздан баъзилари Ассамблея босқичида, баъзилари мухолифатнинг қўллаб-қувватламагани натижасида таклиф босқичида муваффақиятсизликка учради. Миллий ироданинг маҳсули бўлган янги конституцияни мамлакатимизга олиб келиш Туркиянинг асрига қарашимизнинг биринчи мақсадларидан биридир”, дейди Эрдўған. 

Президентга кўра, янги конституция мамлакат тинчлигини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини ошириш, қонун устуворлиги, плюрализм, адолат ва ҳуқуқни мустаҳкамлаш, ҳар бир фуқаро эркинлигини кафолатлаш, ёшларнинг ўз келажагига юксак ишонч билан қараш имконини беради.

“Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки,  уни Туркия асрига мос тарзда тайёрлашга,  парламентимиз ва миллатимиз розилиги билан амалга оширишга қарор қилдик”, дейди Туркия раҳбари. 

Унинг урғулашича, минг йил давомида ўз ватанини, бир аср давомида республикасини, 80 йил давомида демократиясини, 15 июлда мустақиллигини ҳимоя қилиш бадалини тўлаган халқ учун бундай конституцияга эга бўлиш энг асосий ҳуқуқдир.

“Биз Конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича таклиф тайёрладик, у рўмол ўраган ёки ўраниб юрган барча қизларимиз ва опа-сингилларимизнинг таълим ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлайди, шунингдек, оилавий институтимизни бузуқ оқимлар таҳдидидан ҳимоя қилади. Умид қиламизки, келаси ҳафтада парламентга таклифимизни тақдим этиш орқали аслида табиий ҳуқуқ бўлган бу масаланинг мамлакатимиз кун тартибидан бутунлай олиб ташланишини таъминлаймиз, деган умиддамиз”, дейди Эрдўған.

Расмий маълумотларга кўра, Анқара спорт аренасида бўлиб ўтган тадбирда 30 мингга яқин киши: сиёсий элита, жамоатчилик, бизнес вакиллари, Туркиядаги хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирок этган. 

1 октябрь куни Туркия парламентининг кузги сессияси очилишида сўзга чиққан Эрдўған 1980 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейин 1982 йилда тасдиқланган амалдаги конституция ўрнига янги конституцияни тезроқ қабул қилишга чақирди. Туркия раҳбари, шунингдек, унда аёлларнинг ҳижоб ўраш ҳуқуқини мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилди. Туркия Адлия вазири Бакир Бўздоғ 5 октябрь куни янги асосий қонунни тайёрлаш бўйича иш бошланганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

267

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг