ОАВ: Бразилия Президенти коронавирус юқтириб олди
Олам
−
13 Март 2020
7617Бразилия Президенти Жаир Болсонарунинг коронавирусни текшириш учун топширган дастлабки таҳлиллари ижобий чиқди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар тарқатди.
Болсонарунинг АҚШга ташрифидан кейин унинг матбуот котиби Фабио Вайнгартенда коронавирус аниқлангач, Президент текширувдан ўтказилган.
Таъкидлаб ўтамиз, Жаир Болсонарунинг COVID-19 коронавирусини юқтириб олгани ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Болсонару 7 март куни АҚШда мамлакат Президенти Дональд Трамп билан учрашганди.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли уни эпидемия эмас, пандемия деб эълон қилди. Бу вирус бир эмас, бир нечта давлатларни тўлақонли қамраб олганда эълон қилинадиган ҳолат ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди. Вирус бугунгача 127 давлатга кириб борди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
Айни вақтга қадар коронавирус билан хасталанганлар дунё миқёсида 138 156 кишини ташкил этмоқда 5 080 киши вирусдан вафот этди. Шунингдек, 70 716 киши ушбу хасталикдан фориғ бўлди.