Давлат сиёсатини ҳокимлар эмас, вазирлар юритади – Давлетов Ўзбекистонда вазирликлар кўпайиб кетгани ҳақида
Жамият
−
09 Февраль 2022
11341Ўзбекистонда 95 та давлат бошқарув органи бор. Гап вазирликлар сонида эмас, ишлаш услубида. Бирорта одам мавзуни ичига кириб таҳлил қилмайди. Бизда фундаментал таҳлиллар етишмайди. Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов, 7 февраль куни жамоатчилик вакиллари учун ўтказилган Матбуот анжуманида айтиб ўтди.
"Ўзбекистондаги энг катта масалалардан бири бу давлат бошқаруви, маъмурий масалалар. Жамоатчилик вакиллари ва экспертлар бизда вазирликлар кўплиги ҳақида гапиради. Айни шу масалани таҳлил қилдик ва дастлабки хулосаларни айтиб ўтмоқчиман.
Ўзбекистонда 95 та давлат бошқарув органи бор. 24 та вазирлик, 34 та агентлик, 9 та давлат қўмитаси, 6 та қўмита, 4 та марказ, 15 та инспекция, 1 та хизмат,1 та комиссия, 1 та палата ҳам бор. Сўнги 4-5 йилни оладиган бўлсак, 2016 – 2017 йилларда 48 та бўлган давлат органи ҳозир 95 тага айланяпти. Орган сони 91 фоизга ошяпти. Соҳалар ҳақида ҳамма умумий гапиради. Бирорта одам мавзуни ичига кириб таҳлил қилмайди. Бизда фундаментал таҳлиллар етишмайди. Вазирликлар кўплигига Швейцарияда 7 та вазир борлигини мисол қилишади. Гап вазирликлар сонида эмас, ишлаш услубида. Сиз эскича ишласангиз, тузилмангизни янгиласангиз ҳам фойдаси йўқ. Бюрократияга йўл қўйилса, мажлислар бўлаверса, меҳнат унумдорлиги паст бўлса, унда қийин”, дейди вазир.
Давлетов сўзида давом этаркан, Ўзбекистонда вазирлик тизимига бириктирилган ташкилотлар кўплиги, бу эса иш унумдорлигига катта таъсир кўрсатишини айтди. Шу билан бирга соҳани назорат қиладиган ташкилотлар вазирликка бўйсуниши оқибатида коррупция юзага келишини кескин танқид қилди.
“Швейцарияда 7 та вазирлик бўлгани билан тагида катта фундаменти бор. Органлар сони жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммаси вазирликка бирлашган. Биз “Давлат органларини оптималлаш керак эмас”, деган фикрдан йироқмиз. Бизда шундай ташкилотлар бор. Улар ҳам соҳани ривожлантириш, ҳам назорат билан шуғулланади. Бу ҳолатда, албатта, манфаатлар тўқнашуви юзага келади. Соҳани назорат қилмоқчи бўлса, қандай қилиб ривожлантиради. Шу сабабли ҳам назорат функциялари айрим жойларда яхши ишламай қолади. Чунки улар ривожлантиришга жавоб бериши керак. Эртага ундан раҳбарият нима иш қилганини сўрайди. Масалан, ветеринария соҳасида шунақа. Чорвачиликни ривожлантириш ва ветеринария хизмати битта тизимда. Албатта, манфаатлар тўқнашуви бўлади-да. Ёки транспорт инспекциялар транспорт вазирлигининг ичида. Инспекция вазирликка бўйсунганидан кейин соҳани қандай назорат қилади ва ривожлантиради. Бу ҳолатда қандай қилиб мустақил равишда иш юритиш мумкин?”, дейди Давлетов.
Шунингдек, у ОАВ кўп ҳолларда вазирликлар фаолиятини ёритиши, инспекциялар фаолиятига эътибор қаратмаслигини айтиб, Ўзбекистонда 15 та инспекция борлиги ва ОАВ ва жамоатчилик вакиллари бунга эътибор қаратиши муҳимлигини таъкидлади.
“ОАВ инспекциялар фаолиятига эътибор қаратмайди. Обектив сабабларга кўра доимий энергетика ва транспорт вазирлиги соҳаси ёритилади. Шу вақтгача инспекциялар ҳақида айтарли гапиртирилмаган. Ваҳолонки, улар 15 та. Инспекциялар йўналишида жамоатчилик назорати йўқ. Инспекциялар четда туришади, ўзини ишини бажаради. “Коррупцияси ҳам йўқ”, дея олмаймиз. Президент сайловолди учрашувларда айтган гапи бекорга эмас. Ихчам, янгича ишлайдиган давлат органлари тизими керак.
Яна бир мисол. Давлат унитар корхоналарига эътибор қаратсак, cоҳада 43 та давлат органлари функциясини корхоналар бажаряпти. Бу жуда ҳам ачинарли ҳолат. ДУК қонун бўйича тижорат ташкилоти ҳисобланади ва улар пул ишлаш билан шуғулланадиган ташкилот. Уларга давлат функцияси ёки хулоса бериш функцияларини бериб бўлмайди”, дейди Давлетов.
Шунингдек, вазир Ўзбекистонда нафақат вазирликлар, балки комиссиялар ҳам кўплигини айтиб, улардан камида 50 тасини қисқартириш таклиф қилинаётганини очиқлади. Шу билан бирга уларнинг кўплиги асосий органлар фаолиятига жуда қаттиқ таъсир қилишини урғулади.
“Комиссиялар сони ҳам кўпайиб кетяпти. Ўзбекистонда 231 та комиссия бор. Идоралараро комиссия, ишчи гуруҳ ва бошқалар. Бу асосий органлар фаолиятига жуда қаттиқ таъсир қилади. Ишчи гуруҳга комиссияларнинг камида 50 тасини қисқартиришни таклиф қиляпмиз. Ўзаро такрорланадиган 168 та вазифа ва 301 та функция аниқланди.
Ҳокимиятлар, вазирликлар вазифаси қаерда бошланиб, қаерда тугашини билиш давлат бошқаруви учун жуда катта масала. Кўзга кўринмайди, аммо буни аниқ принциплар асосида тартибга солиб қўйишимиз керак. Бир нарсани билиб қўйинглар, ҳокимликлар давлат сиёсатини юритмайди. Давлат сиёсатини вазирлар юритади. Бу Конституцияда белгиланган”, дейди у.
Давлетов Ўзбекистонда бошлиқлар билан ижрочиларнинг бир-бирига нисбати борлиги, қолаверса, битта раҳбар қўл остида 7 та ходим бўлиши кераклигини айтди. Унинг айтишича, 7 тадан ортиқ ходимни бошқариш учун раҳбарнинг хотираси ҳам имконияти ҳам етмайди.
“Бизда эса 3 та ижрочига 2 та раҳбар тўғри келадиган ҳолатлар ҳам бор. Ижрочилардан раҳбарлар кўп. Масалан Энергетика вазирлигида иккита ходимдан иборат бошқарма бор. 4 та ходимдан иборат бўлим бор. Умуман мезонлар ҳам йўқ. Раҳбарлар билан ижрочилар нисбати жуда катта масала”, дейди Давлетов.
LiveБарчаси