“Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди

Жамият

image

Кеча, 27 декабрь куни “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонун Ўзбекистон манфаатларини кўзлаб маълумотларни давлат сирлари жумласига киритишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилайди. Шунингдек, давлат сирларидан фойдаланиш ва уларни ҳимоя қилиш, давлат сирлари билан боғлиқ бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.

Қонунга кўра, Давлат сирлари соҳасидаги ягона давлат сиёсати Президент томонидан белгиланади. Давлат хавфсизлик хизмати давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир. 

Қонунга мувофиқ маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш ва уларни махфийлаштириш Ўзбекистонда махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига асосан амалга оширилади.

Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш тўғрисидаги ўз қарорлари учун шахсан жавобгар бўлади.

Шунингдек, давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар махфийлигининг куйидаги учта даражаси ва ушбу даражаларга мувофиқ бўлган мазкур маълумотларни ташувчилар учун махфийлик грифлари белгиланади:

  • махфийликнинг биринчи даражаси – “Алоҳида аҳамиятли”;
  • махфийликнинг иккинчи даражаси – “Мутлақо махфий”;
  • махфийликнинг учинчи даражаси – “Махфий”.

Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни махфийлаштириш муддати давлат аҳамиятига эга бўлган сир учун - 30 йилдан ва хизмат сири учун - 10 йилдан ошмаслиги керак.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Маълумот учун, мазкур қонун Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан август ойида қабул қилиниб, Сенатга юборилган. Қонун 23 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланган.

Қайд этиш жоиз, мазкур қонун қабул қилиниши билан 1993 йил 7 майда қабул қилинган “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 30 йил деганда илк бор янгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Давлат сирлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг