Ўзбекистонда “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун 30 йил ичида илк бор янгиланяпти (видео)
Жамият
−
23 Октябрь
46021993 йил 7 майда қабул қилинган “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қарийб 30 йил деганда илк бор янгиланмоқда. Янгиланган қонун лойиҳаси бугун, 23 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Сенатнинг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаровнинг мажлисда маълум қилишича, қонуннинг эски варианти мутахассислар томонидан таҳлил қилинганда унда такомиллаштирилиши, қўшимчалар киритилиши керак бўлган нормалар мавжудлиги аниқланган.
-
Қонунда давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳасида тегишли органлар ваколатлари, махфийлик даражалари, маълумотларни махфийлаштириш муддатлари, давлат сирларига рухсат ва ҳуқуқни расмийлаштириш асослари аниқ белгилаб берилмаган. Шу боис ушбу қонун асосида қабул қилинган қонуности ҳужжатларида давлат сирларидан фойдаланиш ва улар билан ишлаш турлича талқин этилмоқда.
-
Давлат сирлари билан ишлаш ва уларни ҳимоя қилиш тартиби, махфийлик режимини таъминлаш ва махфий иш юритишни тартибга солиш Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор махфий қарорлари асосида амалга оширилади. Ушбу қарорнинг махфийлиги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини етарли даражада билмаслигига сабаб бўлмоқда.
-
Давлат сирлари билан танишиш ва танишишга рухсат бериш тартиби, махфийлаштирилмайдиган маълумотлар тоифалари, давлатлар ўртасида давлат сирларини ўзаро алмашиш тизими амалдаги қонунда тартибга солинмаганлиги бугунги кунда мамлакатда олиб борилаётган очиқлик ва ахборот алмашиш талабларига зиддир.
-
Давлат сирларига тегишли маълумотларни махфийлаштириш муддатлари амалдаги қонунчиликда назарда тутилмаган. Оқибатда маънавий эскирган, ноактуал бўлган ҳужжатлар архивларда йиғилиб бориб, уларнинг тақдири ҳал қилинмасдан қолмоқда. Бу каби ва бошқа муаммоларни бартараф этиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунини янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
“Ҳозирги замоннинг глобаллашуви ахборот технологиялари жамиятнинг барча жабҳаларига шиддат билан кириб бораётган бир шароитда махфий маълумотларни сақлаш ҳамда давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлат сирларини ҳимоя этишнинг асосий мезони бу ахборотларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳисобланади”, деди Мадумаров.
Мазкур қонуннинг янгиланиши орқали эса қуйидаги ўзгаришлар кутилмоқда:
-
Мамлакатнинг давлат сирлари тўғрисидаги ягона сиёсати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши, давлат сирларидан фойдаланиш давлат томонидан тартибга солиниши, ДХХ ҳамда давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунгача давлат сирларидан фойдаланишда фақат ДХХнинг ваколатлари белгиланган эди.
- Давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар 4 тоифага бўлинади: а. Ҳарбий соҳадаги б. Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий соҳадаги д. Разведка ва контрразведка, тезкор-қидирув фаолияти ва бошқа давлат хавфсизлиги йўналишларига оид е. Иқтисодиёт, таълим ва техника соҳаларига оид чегараланган рўйхати тасдиқланмоқда.
- Амалда ушбу рўйхат ҳукуматнинг 1994 йилдаги қарори билан тасдиқланган йўриқномада махфий грифда берилган. Ушбу рўйхатнинг қонун билан очиб берилиши бугунги кундаги очиқлик сиёсатига мос келади.
- Жумладан, давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи 18 ёшга тўлган шахсларга берилиши, Ўзбекистон фуқароси бўлмаганларга эса рухсатнома халқаро шартномалар ва Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мос келиши шарти билан берилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
- Давлат сирлари билан ишлаш ҳуқуқи тугатилгандан сўнг республиканинг хорижга чиқиш тартиби давлат сирларини махфийлаштириш ва махфийликдан чиқиш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилот ходимларининг мазкур йўналишдаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув курсларини ташкил этиш масалалари ушбу қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
- Давлат сирларидан фойдаланишга рухсат расмийлаштирилган шахсларга бериладиган имтиёзлар ва уларнинг фаолиятлари кафолатлари, ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва илғор технологияларни ҳисобга олган ҳолда давлат сирларини сақлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш масалалари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда.
- Махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати ва ушбу маълумотларни махфийлаштириш бўйича асоссиз қарор қабул қилганлик бўйича жавобгарликни белгилаш ҳамда фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларни давлат сирларига киритилишини ман этиш аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Толибжон Мадумаров ўз нутқини якунлар экан, Авраам Линкольннинг давлат хавфсизлиги тўғрисидаги гапини иқтибос келтирди.
“Ҳар бир давлатнинг кучли бўлиши унинг ахборот хавфсизлигига боғлиқ. Давлат сирлари ошкор бўлса, давлатнинг асосий тизими бузилади”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, 20 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонун ўрнига “Давлат сири тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилганди.
LiveБарчаси