Антикоррупция агентлиги давлат органларининг очиқлик индексини эълон қилди

Жамият

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги кеча, 29 март куни давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индексини эълон қилди. Унда эса Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК), “Ўзавтосаноат” АЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ, “Uzbekistan Airport” АЖ кабилар энг ёмон натижаларни қайд этган. 

Мазкур рейтингда жами 86 та вазирлик, идора ва муассасалар қамраб олинган бўлиб, улардан 21 таси  вазирлик, 14 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 32 таси давлат иштирокидаги ташкилотлар ҳамда 19 таси қўмита ва агентликлардир.

Улар очиқлик индексида 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида баҳоланган ва самарадорлик кўрсаткичлари 3 тоифага ажратилган.

71 баллдан 100 баллгача тўплаганлар - “яшил”;

55 баллдан 71 баллгача бўлганлар - “сариқ”;

55 баллдан паст кўрсатқич қайд этганлар - “қизил” тоифаларга киритилган.

“Қизил” тоифали, яъни 55 баллдан кам тўплаган, очиқлик даражаси паст бўлган давлат органлари қаторида юқорида саналганлардан ташқари “Йўлқурилиш” АЖ, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” АК, “Ўзсувтаъминот” АЖ, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Тошшаҳартрансхизмат”АЖ, каби давлат иштирокидаги корхоналар бор.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги ёпиқ вазирликлар сифатида қайд этилган.
 
Бундан ташқари, очиқлик даражаси паст деб топилганлар орасида “Алоқабанк” АТБ, “Пойтахтбанк”АЖ, “Туронбанк” АТБ каби банклар, Андижон, Самарқанд ва Сирдарё вилоят ҳокимликлари, Ёшлар ишлари, Кинематография ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бор.

“Сариқ” тоифадаги, очиқлик даражаси ўрта деб баҳоланган давлат органлари рўйхатининг энг қуйи ўринларида Ички ишлар вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита турибди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам айнан мана шу поғонадан ўрин олган.

Индексда “яшил” поғонада турган энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари Статистика агентлиги (89 балл), Божхона қўмитаси (88 балл), Тошкент вилояти ҳокимлиги (83 балл), Хоразм вилояти ҳокимлиги (79 балл) ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти (79 балл) томонидан қайд этилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ Баҳолаш комиссияси қарори асосида “яшил” тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимларини рағбатлантириш, “қизил” тоифада баҳоланганларига қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

MTRK “Uzbekistan Airports” AJ “O‘zavtosanoat” AJ “Uzbekistan Airport” AJ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made