Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилади
Жамият
−
20 Июнь 2365 2 дақиқа
Эндиликда Ўзбекистонда давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилади. Бу ҳақда кеча, 19 июнь куни қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги асосий йўналишлардаги эришилган натижалар бўйича Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилади:
- давлат органларининг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш самарадорлиги;
- давлат хизматларини кўрсатишнинг тезкорлиги ва сифати;
- давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги;
- давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги;
- давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг рақамлаштирилганлик даражаси;
- республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва улар ўринбосарларининг фаолияти самарадорлиги;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан жорий этилган ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа рейтинглар.
Рейтинг натижаларига кўра қуйи поғонадаги давлат идораларининг иш усулларини ўзгартириш, бошқарув жараёнларини оптималлаштириш (BPR-реинжиниринг) чоралари амалга оширилади ҳамда Ҳукумат мажлисларида раҳбарлар фаолиятига баҳо бериб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур фармон билан эндиликда давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилиши ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилиши ҳамда республика даражасидаги ташкилот раҳбарлари ҳам Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали танланиши хабар қилинганди. Шунингдек, давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарлари натижаси электрон тизимда баҳоланиши ҳамда уларнинг тана вазни ўлчаб борилиши ва бу ҳақдаги маълумотлар махсус платформага жойланиши белгиланди.
Live
Барчаси