Амалдорларнинг пули ва мол-мулки ҳисобланади
Таҳлил
−
26 июн 3393 7 дақиқа
Ўзбекистонда давлат хизматчилари ва амалдорларнинг даромадлари ҳамда мол-мулкини декларация қилиш масаласи сўнгги йилларда энг кўп муҳокама қилинган ислоҳотлардан бирига айланди. Озодбек Назарбековнинг кроссовкаси, Шерзод Қудбиевнинг соати, бошқа айрим амалдорларнинг автомобили-ю, уйлари ёки шоҳона саёҳатлари вақти-вақти билан жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлиб туради.
Бироқ бундай баҳсларда эътиборни тортадиган жиҳат қимматбаҳо буюмларнинг ўзи эмас. Асосий савол — улар давлатдан қанча маош олади, қандай даромад манбаларига эга ва қандай мол-мулкка эгалик қилади? Бу эса Ўзбекистонда ҳануз очиқланмаётган, очиқланиши эса йиллар давомида пайсалга солиб келинаётган масалалардан бири ҳисобланади.
Сўнгги беш-олти йилдан буён мамлакатда давлат хизматчилари, амалдорлар, вазирлар ва уларнинг яқин қариндошлари, ҳатто турмуш ўртоғи ҳамда фарзандлари номидаги мол-мулклар декларация қилиниши, уларнинг даромадлари ва давлатдан олаётган маоши билан мол-мулки ўртасидаги мутаносиблик текширилиши ҳақидаги ваъдаларни бот-бот эшитиб келамиз. Аммо бу ташаббуслар ҳалигача амалиётга тўлиқ кўчгани йўқ.
Ўзбекистонда кўп йиллардан бери кутилаётган давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини ташкил этиш вазифаси энди қонун билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилди. Бугун айнан шу масала ҳақида гаплашамиз.
Ўзбекистонда анча йиллардан буён кутилаётган давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилишни ташкил этиш энди Қонун билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилди. Бу ҳақда жорий йилнинг 22 июнь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида сўз борган.
Қонун билан 2017 йил 3 январь куни қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари кенгаймоқда.
Ҳужжатга кўра, эндиликда агентлик давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этишга хамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга кўмаклашади, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш чораларини кўришга масъул бўлади.
Шунингдек, Қонун билан агентликка давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини, шунингдек манфаатлар тўқнашувини декларациялаш тизимини ишлаб чиқиш ҳамда унинг самарали ишлашини ташкил этиш мажбурияти юклатилган.
Амалдорларнинг порахўрлигига чек қўйишнинг энг катта натижа берадиган халқаро тажрибадан ўтган усули албатта даромадларни декларация қилиш. Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан амалдорларнинг мол-мулки декларация қилиниши айтилган эди. Бу талаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва 7 июлдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган. Фармонда 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этиш белгиланган.
2022 йил 10 ноябрда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ҳам давлат фуқаролик хизматчисининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тизимини жорий этиш, давлат фуқаролик хизматчиси қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шартлиги белгиланган. Бироқ қайси қонунда, қайси муддатда? Бу мужмал! Декларацияларни ким назорат қилади, ким номутаносибликларни аниқлайди ва унинг очиқ базаси мавжудми, бу саволлар ҳам йилларким жавобини топмай келмоқда.
Гап шундаки, Президентнинг 2021 йил 6 июлдаги фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган эди. QALAMPIR.UZ манбаларига кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, ИИВ, ДСҚ, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Лекин, ҳозир у қаердалиги ҳақида биров миқ этмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелда имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2025 йил май ойида тайёр бўлиши айтилган эди. Аммо, яна натижа йўқ. Ҳолбуки, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил якунлари бўйича Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида коррупцияга қарши кескин чоралар кўрилиши, мансаби ва лавозимига ишониб юрганлар ҳам аяб ўтирилмаслигини айтганди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг эса Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш бошқармаси мавжуд бўлиб, ушбу бошқарма нима иш билан шуғулланаётгани ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас. Ҳозиргача бошқарманинг давлат хизматчилари мол-мулки бўйича ҳисоботи тингланмади.
Агар вазиятга бюрократик ҳисоботлардан ташқарига чиқиб, реал ва амалий нуқтаи назардан қарасак, жавоб қисқача шундай: Йўқ, тизим ишламаяпти ва жамият кутган натижани бермаяпти. Ислоҳот бир неча йилдан бери “синов”, “тайёргарлик” ва “техник интеграция” босқичида қолиб кетмоқда.
Давлат амалдорлари ва хизматчиларининг юқори турмуш даражаси, ҳашаматли уйлари ва қимматбаҳо автомобиллари ниманинг ҳисобидан шаклланади? Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бундай ҳолатлар кўпинча бюджет маблағларини талон-торож қилиш, лоббизм, айрим шахслар манфаати учун қарорлар қабул қилиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва коррупция билан боғлиқ бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил охирида Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида коррупцияга қарши кураш кескин кучайтирилиши, 2026 йилда бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаган эди. Бу ташаббуслар амалда ҳам акс этиб, комплаенс тизими бўйича алоҳида қонун қабул қилинишигача олиб келди.
Бироқ афсуски, кўплаб амалдорлар ва давлат хизматчилари учун бу ҳали ҳам жиддий сигнал бўла олмаяпти. Ахборот майдони деярли ҳар куни ҳоким ўринбосари, солиқ ходими, прокурор, терговчи ёки адолат излаб мурожаат қилинган судьянинг коррупция билан боғлиқ ҳолатларда қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар билан тўлиб бормоқда.
Бу каби ахборотларнинг оммавий ахборот воситаларида кўпайиши, бир томондан, ижобий ҳолат. Демак, коррупцияга қарши кураш ҳақиқатдан ҳам авж олган, ишлар олиб борилмоқда ва натижалар яширилмаяпти. Фақат бу жараён ташкилотларнинг ўрта бўғинидаги раҳбарлар билан чекланиб қолмасдан, биринчи раҳбарлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам очиқ ва шаффоф ёритилса, коррупцияга қарши курашнинг самараси ҳақида янада ишонч билан гапириш мумкин бўлар эди.
Хўш, Ўзбекистонда йиллардан бери муҳокама қилинаётган мол-мулк ва даромадларни декларация қилиш масаласи қўшни давлатларда қандай ҳал қилинган? Келинг, Марказий Осиё мамлакатлари тажрибасига назар ташлайлик. Минтақада бу борада энг тизимли ёндашувни Қозоғистонда кўриш мумкин. Мамлакатда 2021 йилдан бошлаб умумий декларациялаш тизими босқичма-босқич жорий этилди. Дастлаб давлат хизматчилари ва уларнинг турмуш ўртоқлари ўз даромадлари ҳамда мол-мулки ҳақида ҳисобот бера бошлади. Кейинчалик тизим бюджет ташкилотлари ходимлари, тадбиркорлар ва бошқа аҳоли қатламларини ҳам қамраб олди. Бугун Қозоғистон минтақада декларациялаш тизимини энг кенг жорий этган давлат ҳисобланади.
Қирғизистон ҳам давлат мансабдор шахсларининг активларини декларация қилишни қонунан мажбурий қилиб қўйган мамлакатлардан бири. Бу ерда президент, вазирлар, депутатлар ва турли даражадаги давлат хизматчилари ҳар йили ўзлари ҳамда яқин қариндошларининг даромадлари, кўчмас мулклари ва бошқа йирик активлари ҳақида декларация тақдим этади. Ушбу маълумотларнинг бир қисми, айниқса юқори лавозимли шахсларга оид маълумотлар, оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка эълон қилинади.
Тожикистонда ҳам давлат хизматчиларининг даромадлари ва мулкий ҳолатини декларация қилиш тартиби қонунчиликда назарда тутилган. Мамлакатнинг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, давлат хизматчилари ишга қабул қилинганда ва ҳар йили даромадлари ҳамда мол-мулки ҳақида солиқ органларига ҳисобот топшириши шарт. Бироқ бу маълумотлар жамоатчилик учун очиқ эмас ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмайди. Шу боис Тожикистонда декларациялаш тизими амалда мавжуд бўлса-да, унинг шаффофлик даражаси нисбатан паст баҳоланади.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси