Давлат хизматчилари учун янги иш ҳақи сеткаси жорий этилади

Жамият

image

Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчилари учун 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткасини жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 4 август куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган давлат фуқаролик хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолиятининг асосий тамойилларини белгилаб берган алоҳида қонун қабул қилинган. Давлат органларида бошқарув ходимларининг штат бирликлари 2016 йилдаги 73 мингдан 54 мингтага мақбуллаштирилган.

Тақдимотда амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида сақланиб қолаётган номутаносибликлар таҳлил қилинган.

Бугунги кунда давлат хизматчилари иш ҳақи таркибида лавозим маошининг улуши 15 фоиздан ошмайди. Иш ҳақи фондининг 70 фоизгача қисмини ходимнинг аниқ натижасига боғланмаган турли устама, мукофот ва рағбатлантирувчи тўловлар ташкил қилади.

Натижада бир хил лавозимда ва ўхшаш вазифаларни бажараётган ходимларнинг иш ҳақи ўртасида катта фарқ юзага келган. Айрим вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларидаги худди шундай лавозим эгалари билан солиштирганда тенглик принципларига амал қилинмаётгани қайд этилган.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Аксарият давлат органларида қўлланилаётган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича 50 дан ортиқ алоҳида норматив ҳужжат амал қилмоқда.

Шу боис, давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона, очиқ ва натижага асосланган тизимини жорий этиш таклиф қилинган.

Янги тизим билан 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб олиш кўзда тутилган. Давлат органлари миллий, республика, ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар даражаларига, ходимлар эса бажарадиган вазифаларига қараб маъмурий бошқарув, асосий ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларига ажратилади.

Халқаро тажриба асосида 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткасини жорий этиш таклиф қилинган. Ўндан ортиқ устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўлови жорий этилади.

Жумладан, малака даражаси, ходимнинг функционал вазифаларни бажариши, ижро ва меҳнат интизоми, ташаббускорлиги асосида баҳоланадиган самарадорлик кўрсаткичлари – KPI учун устама тўланади.

Шунингдек, муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ҳамда юқори натижа кўрсатган ходимларга ҳисобот даври якунлари бўйича бонус тўловлари бериш назарда тутилмоқда.

Ҳудудий бошқармалар ходимларининг иш ҳақи тегишли ҳокимликлардаги ўхшаш лавозимлар маошидан юқори бўлмайди. Туман ва шаҳарларда иш ҳақи ҳамда штат бирликларини белгилашда аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинади.

Билдирилишича, энг муҳими, ҳар бир давлат хизматчиси иш ҳақи қандай шаклланиши, қайси натижа учун устама ёки бонус олишини олдиндан билади. Бу ходимларнинг самарадорлиги, ташаббускорлиги ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Давлат раҳбари меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, иш ҳақини ходимнинг малакаси, масъулияти ҳамда эришган натижалари билан боғлаш муҳимлигини таъкидлаган.

Шунингдек, бонус тўловлари ходимнинг илғор ахборот технологияларни, жумладан, сунъий интеллект, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштиргани, тажриба ва малакасини оширгани каби аниқ мезонлар асосида тўланиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг