Давлат харидлари учун хориждан импорт қилиш тақиқланган товар ва хизматлар рўйхати тасдиқланди

Жамият

image

Ўзбекистонга хорижда ишлаб чиқариладиган 529 турдаги товар ва хизматларни давлат харидлари сифатида импорт қилиш тақиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча вазифалар юкланди. 

Шунга кўра, вазирлик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва давлат буюртмачилари томонидан ариза ва мурожаатларни Электрон кооперация порталида онлайн қабул қилиб, натижаларини қайта юбориш алоқа механизмини назарда тутувчи электрон тизимни жорий этади.

Қарор билан тасдиқланган давлат харидларидаги иштироки вақтинча тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатида 529 турдаги товар ва хизматлар номлари келтирилган. 

Жумладан,

•    Озиқ-овқат маҳсулотларидан – шоколад, кунгабоқар ёғи, сут маҳсулотлари, гўшт вҳкз;
•    Фармацевтика маҳсулотларидан – дори воситалари ва тиббиёт буюмлари;
•    Транспорт ва унинг эҳтиёт қисмларидан – шиналар, эҳтиёт қисмлари;
•    Маиший техникалардан – кондиционер, музлаткич, монитор, кир ювиш машинаси, телевизор вҳкз;
•    Тракторлар, енгил ва юк автомобиллари вҳкз.

Қарорга мувофиқ давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга мувофиқ, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рўйхатда келтирилмаган, бироқ ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган товарларни рўйхатга киритиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Электрон кооперация портали маркази (Ишчи орган)га www.cooperation.uz портали орқали ихтиёрий равишда мурожаат этади.

Ишчи орган мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 5 иш кунида мурожаат тегишли талаблар асосида тақдим этилганлигини текширади.

Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган тақдирда, Давлат статистика қўмитасига тегишли маълумотларни тасдиқлаш учун сўровнома юборилади. Қўмита сўровномани 5 иш кунида ўрганиб чиқади. 

Ишчи орган сўровнома натижаси келиб тушган кундан бошлаб 5 иш кунида мурожаатда келтирилган товарлар (ишлар, хизматлар)ни рўйхатга қўшиш ёки рўйхатдан чиқариш таклифини тайёрлайди ва кўриб чиқиш учун тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга киритади.

Таклифлар 15 иш кунида кўриб чиқилади. 

Шунга кўра, мурожаатни кўриб чиқиш якуни билан Ишчи орган тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда белгиланган тартибда келишилган товарларни рўйхатга қўшиш ёки рўйхатдан чиқариш таклифини тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.


Мақола муаллифи

Теглар

давлат харидлари

Баҳолаганлар

185

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг