Давлат бошқарувида ягона рақамли платформа жорий этилади
Жамият
−
07 июл 1371 2 дақиқа
Ўзбекистонда давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформаси босқичма-босқич жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 7 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш, стартаплар экотизимини ривожлантириш ҳамда телекоммуникация соҳасида тадбиркорлик муҳитини яхшилаш юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, Ўзбекистон БМТнинг “Электрон ҳукумат” рейтингида 24 поғона юқорилаган. 2030 йилга қадар мамлакатни ушбу йўналишда кучли 30 та давлат қаторига киритиш мақсад қилинган.
Жорий йилда рақамли хизматлар сони 880 тага, улардан фойдаланувчилар сони эса 15,5 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Таққослаш учун, 2024 йилда рақамли хизматлар сони 525 та, фойдаланувчилар сони 4 миллион нафар бўлган.
Қолаверса, давлат бошқарувида маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари турли идоралар кесимида тарқоқ ҳолда шакллангани, уларни таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш жараёнларида ягона ёндашув етишмаётгани кўрсатиб ўтилган.
Шу боис, давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинган. Мазкур тизим орқали ҳудуд иқтисодиёти, инвестиция, экология, хавфсизлик масалалари, аҳолини қийнаётган муаммолар, маҳаллаларнинг фаровонлик даражаси, фазовий маълумотлар, объектлар ва харита қатламлари ягона платформада акс эттирилади.
Платформа сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни таҳлил қилиш, ҳудудлар кесимида муаммоларни барвақт аниқлаш, қарорлар ижросини мониторинг қилиш, ресурсларни тўғри йўналтириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш имконини беради.
Давлат раҳбари жорий йилда ушбу рақамли бошқарув тизимини пойтахтда, келгуси йилдан эса барча ҳудудларда жорий қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Тақдимотда товар ва хизматларни ягона миллий таснифлаш тизимини ишга тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Ҳозирда божхона, солиқ, статистика ва бошқа идоралар турли товар классификаторларидан фойдаланмоқда. Бу эса бизнес харажатларининг ортиши, ҳисоботлар аниқлиги пасайиши ва идоралараро маълумот алмашинувида қийинчиликларга сабаб бўлмоқда.
Ягона миллий таснифлаш тизими жорий этилса, тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик жараёнлар қисқаради, давлат идоралари ўртасида маълумот алмашинуви соддалашади, статистик ҳисоботларнинг аниқлиги ошади.
Шунингдек, миллий навигация тизимини яратиш таклифи билдирилган. Бугунги кунда мамлакатда мазкур йўналишда асосан хорижий платформалардан фойдаланилаётгани қайд этилган. Миллий навигация тизими геомаълумотларни ягона стандарт асосида шакллантириш, транспорт, логистика, тезкор хизматлар, шаҳарсозлик ва давлат хизматларини сифатли ташкил этишга хизмат қилади.
Live
Барчаси