Давлат активларини тадбиркорларга сотиш тизимида ҳалигача бюрократизм бор – Президент
Жамият
−
20 Май 2020
3330Кеча, 19 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда давлат активларини тадбиркорларга сотиш тизими танқид қилинди, унда ҳалигача бюрократизм сақланиб қолаётгани айтилди.
Жумладан, аукционга қўйилган айрим ер участкалари ва кўчмас мулк объектларининг инвестиция мажбуриятлари юқорилиги, инфратузилма ривожланмаган жойлардан ажратилгани сабабли уларнинг 53 фоизи кўпдан бери сотилмай турибди. Шунингдек, 57 та туман ва шаҳарда сўнгги 4 ойда тадбиркорлик учун бирорта ер участкаси аукционга чиқарилмаган. Жойларда давлат улуши мавжуд 552 та объект бўш турибди.
Ушбу иншоотларда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, айримларида кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан буён кичик саноат зоналари мулк ҳуқуқи асосида ташкил этилиб, бошқарувга хусусий сектор кенг жалб қилинади. Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳокимликлар билан бирга ушбу кичик саноат зоналари жойини аниқлаш, инфратузилмасига маблағ ажратиш, бошқарувга хусусий секторни кенг жалб қилиш билан шуғулланади. Уларни инфратузилмага улаш учун жорий йилда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 200 миллиард сўм ажратилади.
Пандемия оқибатларини юмшатиш доирасида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурига ажратилган 1 триллион сўм кредит маблағларини қайтариш муддати узайтирилди. Шу боис, ушбу дастурни тўлиқ амалга ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 миллион доллар ресурс ажратилди.
Президент маҳсулот, ускуна, хомашё ҳамда айланма маблағлар учун кредит олишда тадбиркорларга ўрнатилган барча чекловлар олиб ташланиши кераклигини таъкидлади. Марказий банкка кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш шартларини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди.
Маҳсулотларга талабни яратиш учун савдо фаолиятини рағбатлантириш, аҳолининг истеъмол қобилиятини ошириш мақсадида истеъмол кредитлари беришни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.
LiveБарчаси