Давактив собиқ раҳбари ортидан Ўзбекнефтгаз собиқ раҳбарининг иши ҳам судга оширилди

3-саҳифа

image

“Ўзбекнефтгаз” АЖ корхонасида 3 йилга яқин раҳбар сифатида фаолият олиб борган Баҳодиржон Сидиқов иши судга оширилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Сидиқовга нисбатан тегишли моддалар бўйича қўзғатилган иш Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди иш юритувига келиб тушган. 

Қайд этилишича, Ўзбекнефтгаз собиқ раҳбари Сидиқов билан бирга “Enter Engineering Pte. Ltd” компанияси бош директори Улуғбек Алимжонович Усмонов, “Eriell Management” МЧЖ директори Нодиржон Насимжонович Бобоев, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раисининг собиқ ўринбосари Бахтияр Рахманкулович Анаркулов кабилардан иборат жами 9 киши судланмоқда.

Манбага кўра, Сидиқов ва бошқалар (судланувчилар жами 9 киши) Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” бандлари,, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” ва “б” бандлари ҳамда 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланмоқда.

Судланувчиларнинг 5 нафарига қамоқ, 4 нафарига гаров эҳтиёт чоралари қўлланган.

Маълумот учун, Баҳодир Сиддиқов “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси лавозимида икки муддат ишлаган раҳбар ҳисобланади. У 2019 йил февралдан 2020 йил январгача мазкур лавозимда ишлаб, кейин бошқа ишга ўтган. Орадан уч йил ўтиб, 2023 йилнинг 12 мартида у лавозимга яна қайтган эди. Шундан сўнг, Сиддиқов бошқа ишга ўтиши муносабати билан 2025 йил декабрида лавозимидан озод этилганди

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқов иши судга оширилганди. Бу икки суд ишининг очилиш нуқтаси эса жорий йилнинг 27 январь кунига бориб тақалади. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Акмалхон Ортиқов коррупциявий схемалар сабаб ишдан олингани маълум қилинган эди.

Шунингдек, йиғилишда давлат раҳбари “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетаётгани, миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқланганини айтиб, барча коррупциявий схемалар фош этилиши ва жазо муқаррарлиги таъминланишини билдирганди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг