Дардинг – дардимиз, Туркия!
Жамият
−
10 Февраль 2023
6773Жорий йилнинг 6 февраль тонги Туркия халқи учун аянчли бошланди. 7,4 (баъзи манбаларда 7,9) балли зилзила одамлар уйқуда вақти – соат 04:17 да содир бўлди. Минглаб кишилар кўзларини очишга улгурмай бу дунёни тарк этди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кучли зилзила оқибатида кўплаб талафотлар кўрилгани муносабати билан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик йўллади. Шундан сўнг иккала давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти ҳам бўлиб ўтди.
Зилзиладан сўнг 70 та давлат ва 14 та халқаро ташкилот Туркияга ёрдам беришини маълум қилди. Шу ўринди Ўзбекистон ҳам барча имкониятлар билан қардош ва дўст Туркиянинг ёнида туриб, навбатма-навбат ўз ёрдамларини кўрсата бошлади. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан, 7 февраль куни қардош Туркия давлатига инсонпарварлик ёрдами ва зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида, 100 нафар қутқарувчи ҳамда 3 та махсус авария-қутқарув техникаси, 9 февраль куни эса яна 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи жўнатилди.
Жабрланганларга ёрдам бериш учун гуруҳга қўшиб тўққизта алоҳида бўлинмадан иборат кўчма шифохона мажмуаси юборилди. Ушбу дала шифохонаси барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланади. Қидирув-қутқарув ишлари бошланганидан буён шу кунга қадар Ўзбекистон ФВВ ходимлари 13 нафар жабрланган ва 64 нафар ҳалок бўлганларни вайроналар остидан чиқарди.
Ўзбеклар Туркиядаги зилзиладан жабрланганларга ош ҳам тарқатди. Юртдошларимиз қардош халқнинг оғир кунида ўз ёрдамларини аямади.
Тошкентда эса Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси томонидан зилзиладан талафот кўрган туркияликларга инсонпарварлик ёрдамини тўплаш маркази ташкил қилиниб, кундалик эҳтиёжларга керак бўладиган 100 дан ортиқ маҳсулотлар йиғилмоқда. Хайрия ишларида ташкилотнинг 250 нафардан ортиқ ходими ва 150 нафар кўнгилли иштирок этмоқда.
Президент Мирзиёев 9 февраль куни Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига бориб, қардош халққа яна бир бор ҳамдардлик билдирди.
Парвардигордан марҳумларни ўз раҳматига олишини, уларнинг оиласи ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик беришини сўради. Жароҳат олган инсонлар тез фурсатларда соғайиб кетишини тилади. Мирзиёев Ўзбекистон барча зарур ёрдамга тайёрлигини билдирган. Элчихонада очилган ҳамдардлик китобига тасалли сўзларини ёзиб қолдирган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳам Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, ушбу мамлакатда содир бўлган ва кўплаб одамларнинг ўлимига олиб келган зилзила сабаб ҳамдардлик билдирди. Шу билан бирга яна бир қатор ҳукумат вакиллари ҳам Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига бориб ўз таъзилаяларини билдирди.
Акобир Мисиралиев
LiveБарчаси