Дания Трампнинг баёнотлари фонида 500 йиллик гербини ўзгартирди

Олам

image

Дания 500 йилдан бери амал қилиб келаётган давлат гербини ўзгартиришга қарор қилди. Ушбу қарор АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг Гренландияни АҚШга қўшиш бўйича баёнотлари фонида қабул қилинган. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Дания қироли Фредерик Х гербдан учта тож тасвирини олиб ташлашни буюрган. Ушбу тожлар Даниянинг Норвегия ва Швеция билан бир вақтлар ягона унияда бўлганини ифодалаган. Эндиликда гербда Гренландияни ифодаловчи оқ айиқ ҳамда Фарер оролларини ифодаловчи қўчқор алоҳида акс этган.

Дания герби ўзгартирилгани ҳақидаги хабарлар ортидан Трамп Гренландияга ўғлини жўнатишини айтиб, агар орол АҚШнинг бир қисмига айланса, маҳаллий аҳолига “улкан фойда” келтиришга ваъда берган.

Гренландия Бош вазири Мюте Эгеде эса оролнинг ҳеч қачон сотилмаслигини таъкидлаб, Гренландиянинг мустақилликка эришиш истаги борлигини маълум қилган. Хусусан, у янги йил табригида орол ҳукумати конституция лойиҳасини аллақачон тайёрлаганини эълон қилган.

Маълумот учун, Гренландия дунёдаги энг катта орол бўлиб, унинг умумий майдони 2,166 миллион квадрат километрни ташкил этади. Майдоннинг деярли 80 фоизи муз билан қопланган. У Шимолий Американинг шимоли-шарқида жойлашган. Оролда 50 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг асосий қисмини инуитлар (эскимослар) ташкил этади. Гренландия мустақил давлат эмас, балки Дания таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади. Асосий аҳоли пунктлари жануби-ғарбий қирғоқ бўйлаб жойлашган. 

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрида Дональд Трамп Гренландия АҚШ учун “миллий хавфсизлик ва бутун дунёда эркинликни таъминлаш мақсадида” керак эканини таъкидлаган эди. У ўзининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифасида “Гренландияни яна буюк қиламиз” деган шиорни ёзиб, бу борадаги даъвосини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дания герб Гренландия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг