Гренландия Бош вазири Даниядан мустақилликни талаб қилмоқда

Олам

image

Гренландия (Дания таркибидаги мухторият) Бош вазири Муте Эгеде дунёдаги энг катта оролнинг мустақиллиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда жорий йилнинг 2 январь куни Гренландия ҳукумати сайтида чоп этилган Янги йил мурожаатида келтирилган.

“Мамлакатимиз учун навбатдаги қадамни ташлаш вақти келди. Дунёнинг бошқа давлатлари каби биз ҳам мустамлакачилик даври кишанлари деб аташимиз мумкин бўлган ҳамкорликдаги тўсиқларни олиб ташлаш, олдинга интилиш устида ҳаракат қилишимиз керак. Тарих ва бугунги шароитлар мавжуд. Дания Қироллиги билан ҳамкорлигимиз тўлиқ тенгликни таъминламаганини кўрсатди ва агар биз Дания конституциясига таянишда давом этсак, тенг ҳуқуқли ҳамкорликни яратиб бўлмайди”, дейилади Дания ва Гренландия тилларида чоп этилган мурожаатда.

“Бизнинг келажагимизни, жумладан, кимлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишимиз ва савдо алоқаларимиз қандай бўлиши кераклиги ҳақида қадам ташлаш ва шакллантириш вақти келди, чунки бизнинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлигимиз ва савдо алоқаларимиз фақат Дания орқали давом эта олмайди”, дея қўшимча қилган Эгеде.

Унинг таъкидлашича, сўнгги бир неча йил ичида Гренландия парламенти ва ҳукумати Даниядан ажралиб чиқиш учун асос бўлган конституцияни ишлаб чиқиш бўйича чоралар кўриш учун биргаликда ишлаган.

Гренландия: улкан ҳудуд, кам сонли аҳоли

Гренландия 2,1 миллион квадрат метр майдонга эга дунёдаги энг катта оролдир (деярли олтита Германия ҳудуди). Аммо унинг аҳолиси атиги 56 минг кишини ташкил қилади. Орол XVIII асрда Дания мустамлакасига айланган. 1979 йилги референдумдан сўнг Гренландия Дания таркибидаги ўзини ўзи бошқарадиган мухториятга айланди. 2009 йилда, навбатдаги референдумдан сўнг Копенгаген ўз мухториятини кенгайтириб, “Гренландиянинг уй бошқаруви тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Эгеде айнан шу қонунга ишора қилган.

“Politico” нашрининг эслатишича, Гренландия ҳукуматини 2021 йилдан буён бошқариб келаётган бу сиёсатчи узоқ вақтдан бери мустақиллик тарафдори бўлган Халқ ҳамжамияти партияси (Inuit Ataqatigiit) етакчиси ҳисобланади. 2009 йилда қабул қилинган қонунга кўра, орол фақат муваффақиятли референдумдан сўнг мустақиллигини эълон қилиши мумкин. “Politico” нашрининг ёзишича, Эгеде уни апрель ойида оролда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари билан бир вақтда ўтказишга шама қилган.

Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, Гренландия ўзининг бой ресурсларига қарамай, ҳар йили Копенгагендан тахминан 500 миллион евро миқдоридаги сезиларли молиявий субсидиялар олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Вашингтон ҳудудни ўз назоратига олиши кераклигини айтганидан кейин Дания ҳукумати Гренландия мудофааси учун қўшимча маблағ ажратилишини эълон қилганди. Дания Мудофаа вазири Троэльс Лунд Поулсеннинг сўзларига кўра, Гренландия мудофааси учун ажратиладиган маблағ миқдори “миллиардлаб икки рақамли миқдор”ни ташкил этади. Вазир аниқ миқдорни айтмаган, аммо маҳаллий ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, бу “тахминан 12-15 миллиард крон” (тахминан 1,7-2 миллиард доллар) бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

мустақиллик Бош вазир Дания Гренландия Муте Эгеде

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг