Дания Россия билан боғлиқ хакерларни киберҳужумда айблади
Олам
−
19 Декабрь 481 2 дақиқа
Дания ҳукумати Россия давлати билан боғлиқ хакерлик гуруҳларини икки киберҳужумда – бири жорий йил кузида шаҳар ва минтақавий сайловлар пайтида, иккинчиси эса ўтган йили сув тозалаш иншоотига қарши уюштирилган – айбламоқда. Бу ҳақда бугун, 19 декабрь куни Дания Мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсен матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, ҳукумат Россия элчисини чақиришни режалаштирмоқда. Унинг сўзларига кўра, 2024 йил охирида Россия тарафдори Z-Pentest хакерлар гуруҳи томонидан амалга оширилган киберҳужум ортидан сув қувурлари ёрилиб, айрим тураржой биноларида сув таъминоти қисқа муддатга узилиб қолган.
Иккинчи ҳодиса эса жорий йил ноябрь ойида Данияда ўтказилган шаҳар ва минтақавий сайловлар арафасида содир бўлган. Россия тарафдори NoName057 (16) гуруҳи томонидан даъво қилинган киберҳужум оқибатида Даниянинг бир қатор сиёсий партиялари, муниципалитетлари, давлат идоралари ҳамда мудофаа компанияларининг веб-сайтларига кириш имконсиз бўлиб қолган.
Дания ҳарбий разведкаси маълум қилишича, бундай ҳужумлардан мақсад нишонга олинган мамлакатларда беқарорлик яратиш ва Украинани қўллаб-қувватловчиларни жазолашдан иборат.
Шунингдек, Россиянинг кибероперациялари “Ғарбнинг Украинага кўрсатаётган ёрдамини сусайтиришга қаратилган кенг кўламли таъсир кампаниясининг бир қисми” экани таъкидланган. AFP агентлигига кўра, Дания Украинанинг Россияга қарши мудофаа урушидаги асосий тарафдорлардан бири ҳисобланади.
Дания расмийлари мамлакатни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришини билдирди. Жамоат хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик вазири Торстен Шак Педерсеннинг айтишича, ҳар икки киберҳужум чекланган зарар етказган, аммо мавжуд заифликларни ошкор этган.
Копенгаген ҳукумати бундай ҳужумларга қарши чораларни кучайтириш ниятида эканини эълон қилди.
“Биз кўплаб ташаббусларни кўрдик ва буни давом эттирамиз, чунки Россиянинг бундай хатти-ҳаракатлари мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, дея таъкидлади Поулсен.
У ҳукумат кибертаҳдидларга тезкор жавоб бериш учун янги киберкузатув тармоғи ҳамда онлайн операциялар маркази ташкил этилишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дания илк бор АҚШни миллий таҳдидлар қаторига киритмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь