Дамашқ Сурия бўйлаб кенг қамровли оташкесим эълон қилди
Олам
−
19 Июль 4002 3 дақиқа
Сурия муваққат президенти маъмурияти бутун мамлакат бўйлаб кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш режимини эълон қилди. Бу ҳақда расмий баёнотда сўз боради.
“Сурия халқи ўртасида қон тўкилишини олдини олиш мақсадида ҳамда давлатнинг миллий ва инсонпарварлик масъулиятига мувофиқ, кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилади баёнотда.
Сурия расмийлари можародаги барча томонларни давлат институтлари ва хавфсизлик кучларини сулҳни амалга ошириш, вазиятни барқарорлаштириш ва қон тўкилишини тўхтатиш учун зарур майдон билан таъминлашга чақирди.
Баёнотда барча қуролли тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, шунингдек, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва инсонпарварлик ёрдамига тўсиқсиз кириш кафолатларини таъминлаш зарурлиги таъкидланган.
Маъмурият маълумотларига кўра, Сурия хавфсизлик кучлари ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилишини назорат қилиш, жамоат тартибини ҳимоя қилиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ҳудудларга ҳозирданоқ жойлашишни бошлаган. Бу чора-тадбирлар мамлакатда “тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш”га қаратилган.
Суриядаги жанглар
13 июль куни Суриянинг жанубидаги Сувайда вилоятида друзлар ва бадавийлар ўртасида тўқнашувлар бошланди. Можарога бир друз савдогарининг калтакланиб, ўғирлаб кетилиши сабаб бўлди. Бу воқеа зўравонлик авж олишига олиб келди. 14 июль куни Сурия ҳукумати Сувайда шаҳрига қўшин киритди.
Шундан сўнг, можарога Исроил ҳам аралашиб, Дамашқдаги Сурия ҳарбий объектларига ҳаво ҳужумлари уюштирди. 16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқдаги Президент саройи, Бош штаб ва Мудофаа вазирлигига ҳужум қилди. Шу куни маҳаллий гуруҳлар воситачилигида Сувайдада яна сулҳга эришилди, бироқ бунга параллел равишда Исроил авиацияси пойтахт ва Дараа шаҳрига зарбалар берди.
Маълумот учун, друзлар ўзига хос араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳ бўлиб, уларнинг вакиллари Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда яшайди. Сурияда 700 минг друз истиқомат қилади, бу уларни курдлар ва алавийлардан кейин мамлакатдаги учинчи йирик диний ва этник озчилик қилади.
Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг сўнгги маълумотларига кўра, Сувайдадаги зўравонликларда камида 718 киши ҳалок бўлган. Суриялик инсон ҳуқуқлари фаоллари 146 друз жангчиси ва 245 тинч аҳолининг ўлимини қайд этган. Бундан ташқари, Сурия армиясининг 287 аскари ва 18 бадавий жангчиси, шунингдек, уч бадавий ҳалок бўлди. Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари марказининг маълум қилишича, Исроил ҳаво ҳужумларида яна 15 нафар суриялик аскар ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак Исроил ва Сурия АҚШ, Туркия, Иордания ва давлатлар кўмагида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини маълум қилганди.