Дамашқда микроавтобусга ўрнатилган бомба портлади. Қурбонлар бор

Олам

image

Суриянинг Дамашқ шаҳри яқинидаги Жарамана туманида микроавтобусга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, яна 14 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Сурия расмийлари маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳодиса пайтахт Дамашқ четида жойлашган, асосан друзлар истиқомат қиладиган Жарамана ҳудудида содир бўлган. Давлатга қарашли “Ekhbariya TV” телеканалига хавфсизлик идораси манбаси дастлабки маълумотларга таяниб, портлашга транспорт воситасига олдиндан ўрнатилган портловчи қурилма сабаб бўлганини айтган. Ҳодиса жойидан олинган тасвирларда портлаш натижасида вайрон бўлган оқ рангли микроавтобус олиб кетилаётганини кўриш мумкин.

Жараманада яшовчи Самер Аббоснинг айтишича, у портлаш вақтида воқеа жойидан бир неча метр узоқликдаги кийим-кечак дўконида бўлган. Портлаш оқибатида учган парча унинг дўкони пештоқига келиб теккан.

“Бу жуда кучли ва ғайритабиий товуш эди”, деган Аббос.

Унинг сўзларига кўра, портлашдан сўнг энг аввал кўнгли ташқарида ўтирган ўғли учун хавотирга тушган.

“Ўғлимни кўриб, овозини эшитмагунча юрагим жойига тушмади”, деган у.

Дамашқдаги Мужтаҳид шифохонасида бўлган Бассел Имад эса портлашни “ваҳшийона ҳаракат” деб атаган. Унинг амакиваччаси Сафуҳ портлаган микроавтобусни бошқариб кетаётган бўлиб, жароҳат олган. Имаднинг айтишича, ҳужум содир этилган Жарамана кўчаси тор бўлиб, у ерда кўплаб дўконлар ва кўча савдогарлари фаолият юритади.

“Юз берган воқеа жуда вахший иш бўлди”, деган у.

Суриядаги друзлар жамоасининг айрим қуролли гуруҳлари мамлакатнинг янги исломчи раҳбарияти билан тўқнашувларга киришган. БМТнинг март ойида эълон қилинган текширувига кўра, 2025 йил июль ойида жанубдаги Сувайдо вилоятида 1 700 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти друзлар жамоасига мансуб тинч аҳоли ва айрим бедуинлар бўлган.

Ҳисоботда Сурия ҳукумат қўшинлари, қабила жангарилари ҳамда друзлар қуролли гуруҳлари ҳарбий жиноятлар содир этган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Сурияга тарихий ташриф билан борган пайтда Дамашқ марказида портлашлар юз берганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг