Даллоллик Макронга қолди. У Путин ва Зеленский билан телефонда суҳбат ўтказди
Олам
−
04 Февраль 2022
7413Франция Президент Эммануэль Макрон Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, Донбассдаги кескинликни муҳокама қилди.
Қайд этилишича, Макрон Путин билан бир ҳафта ичида учинчи, Зеленский билан эса иккинчи марта телефон орқали мулоқот ўтказяпти. Галдаги телефон суҳбати Парижнинг ташаббуси билан ўтказилган. Президентлар Россиянинг АҚШ ва НАТО билан хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралари билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.
"Украина атрофидаги вазият ва Россия Федерациясининг хавфсизлиги учун узоқ муддатли ҳуқуқий кафолатларни ишлаб чиқиш бўйича Россия ташаббуси билан боғлиқ масалалар бўйича мазмунли мулоқот давом этди", дейилади Кремль хабарда.
Владимир Путин франциялик ҳамкасбига Украина расмийларининг Минск келишувларига зид бўлган провокацион баёнотлари ва ҳаракатлари ҳақида маълумот бергани айтилмоқда.
“Владимир Путин Киев раҳбариятининг Минск келишувларига зид бўлган провокацион баёнотлари ва ҳаракатларига яна бир бор эътибор қаратди”, дея таъкидлайди Кремль.
Икки давлат раҳбарлари кейинги алоқаларни ҳам келишиб олганлар.
Зеленский билан ўтган телефон мулоқоти чоғида Норманд форматида (Германия, Россия, Украина ва Франция) тинчлик жараёнини фаоллаштириш масаласи муҳокама қилинган. Бу ҳақда Зеленский Twitter’да маълум қилди.
"Биз Эммануэль Макрон билан хавфсизлик муаммоларига қарши курашиш ва Норманд формати доирасида тинчлик жараёнини фаоллаштириш бўйича мулоқотни давом эттирдик. Биз Украина барқарорлигини сақлаш ва молиявий-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қўшма қадамлар ҳақида келишиб олдик", дейди у.
Бу икки етакчининг бир ҳафта ичида иккинчи телефон мулоқоти.
Макрон икки давлат раҳбарлари билан телефон суҳбатлари чоғида Донбасс мақоми масаласига тўхталиб ўтган.
Франция раҳбари Европада кескинликни пасайтирадиган ва қитъада хавфсизликни кафолатлайдиган стратегик мувозанатга эришиш муҳимлигини ҳам таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 февраль куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украинага борган эди. У Президент Владимир Зеленский билан мулоқот чоғида Туркия Қора денгиз минтақасидаги икки қўшни дўст давлат [Украина ва Россия] ўртасидаги зиддиятга барҳам бериш учун барча имкониятларни ишга солишга ва етакчилар [Зеленский ва Путин] учрашувини ташкил этишга ёки техник музокаралар учун платформа тақдим этишга тайёрлигини маълум қилганди.
Шу баҳонада Эрдўған, Туркиянинг Украина, жумладан Қримнинг ҳудудий яхлитлиги ва давлат суверенитетини қўллаб-қувватлаш масаласидаги позицияси ўзгармас бўлиб қолаётганини урғулаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь