Да Силвадан танқид эшитган Трамп бразилияликларни жазолаши мумкин

Спорт

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Бразилия фуқаролари учун виза беришни тақиқлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ушбу чеклов футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати даврида ҳам амал қилиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, CNN Brasil хабар берди.

Манбага кўра, бу чоралар Бразилияда жамоатчилик фикрига мамлакатнинг амалдаги ҳукуматига қарши босимни кучайтириш мақсадида киритилиши мумкин. Шунингдек, яқин вақт ичида Бразилия сенаторларининг Вашингтонга қилган сафарида виза билан боғлиқ чекловлар аллақачон сезила бошлагани билдирилган. Уларга виза анча қисқа муддатга берилган.

Бразилия футбол конфедерацияси ҳозирча расмий баёнот бермаслигини маълум қилган. Бироқ ташкилот эҳтимолий санкциялар ҳақида хабардор ва илгари ҳеч қачон мухлислар учун терма жамоани Жаҳон чемпионатида қўллаб-қувватлаш имконияти чекланмаганини эслатган ҳолда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ваъда берган.

Маълумот учун, 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та терма жамоа иштирок этади. Турнир 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида бўлиб ўтади. Ушбу турнирда тарихда илк бор Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва кўп вақтдан бери АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ҳаракатларини танқид қилиб келмоқда. Хусусан, Лула Трампнинг февраль ойидаги Ғазо сектори бўйича баёнотларини изоҳлар экан, “уни АҚШни бошқариш учун сайлашган, дунёни эмас”, деб баёнот берган. Ўшанда Трамп Ғазо аҳолисини кўчириш ҳақида бир неча бор сўз юритган эди. 

Жорий йил май ойида эса Лула Россияга сафари чоғида Трамп томонидан жорий этилган бож ставкаларини танқид қилиб, АҚШга қарши чиққан ва Москва билан ҳамкорликни кенгайтириш истагини билдирган.

Июнь ойида эса да Силва Трампга мурожаат қилиб, уни “камроқ интернетда ўтиришга ва кўпроқ давлат раҳбари бўлишга” чақирди. Июлда ҳам Бразилия етакчиси Дональд Трампни фақатгина АҚШ Президенти экани, дунё императори эмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Бразилия Луис Инасиу Лула да Силва

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг