CZN Burak билан турк ошхонасига саёҳат – QALAMPIR.UZ’дан эксклюзив интервью
Интервью
−
14 Январь 2020
16033Яқинда хизмат сафари билан Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлдик. Ижтимоий тармоқларда дунё юлдузига айланган ва миллионлаб кузатувчиларга эга бўлган машҳур шахсларнинг кўпчилиги туркиялик. Булар орасида ошпаз Бурак Ўздемир ва Нусретни алоҳида қайд этиш мумкин. Биргина Бурак Ўздемирни Instsgram’да 13,5 миллион фойдаланувчи кузатиб келяпти. У тайёрлаган таомлар интернетда анчайин машҳур. Бурак бошчилигидаги ресторан эса дунёнинг энг таниқли шахслари – актёрлар, футболчилар, ҳатто, сиёсатчиларга ҳам мезбонлик қилади. Биз ҳам Истанбулга сафаримиз давомида Бурак Ўздемирнинг ресторанида меҳмон бўлдик ва у билан суҳбат қурдик. Ушбу видеоинтервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Қамариддин Шайхов, журналист: — Вақт ажратиб бизни қабул қилганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Биламиз интернетда, ижтимоий тармоқларда жуда машҳур одамлардан бирисиз. Феноменлик, машҳур бўлиш қийин эмасми?
Бурак Ўздемир, ошпаз: — Яна бир бор хуш келибсиз! Ўзбекистондан журналист келди дейишди. Мен дарров рози бўлдим. Чунки, мен бу ерда жуда кўп ўзбек меҳмонларни кутиб оламан. Жуда кўп ўзбек дўстларим ҳам бор. Ҳақиқатан ҳам жуда яхши инсонлар. Шунинг учун мен билан суҳбат уюштирганингиз учун раҳмат айтаман.
Саволга келсак, мен ўз меҳнатим билан юксалишни хоҳладим доим. Бунинг учун қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Жамоа ташкил қилдим. Бундан ташқари сизлар каби қадрли мухлисларим бор. Шу билан бирга шерикларим билан янада юқорироқ чўққиларни эгаллашни режалаштиряпмиз.
Қ.Ш.: — Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқда, интернетда жуда машҳур одамсиз. Осон эмас албатта. Буни қандай қийинчиликлари бор?
Б.Ў.: — Қийинчиликлари бор. Бизда Ҳазрат Мавлононинг бир гапи бор: Яхши кўз билан қараган, яхшини кўради. Биз албатта ҳар янги кунни яхши кутиб оламиз. Бундан ташқари, бу ерда пулдан кўпроқ инсонларнинг бизни яхши кўришлари, биз учун муҳимроқ. Бизни кузатаётганларга, ижтимоий тармоқлар орқали бизни кузатиб бораётганларга ҳар доим нима қилишим мумкин, бундан ҳам яхши бўлиши учун нима қилсак инсонлар хурсанд бўлишади, кўришади ва зерикишмайди деган саволни ўзимга бераман. Яъни ҳар куни янгилик яратишга ҳаракат қиламан. Албатта, бунда қийинчиликлар бўлиб туради. Чунки, бу ерда 1000 нафар одам ишлайди. Аллоҳга шукр, қийин демаймиз, фақатгина кўпроқ вақт керак.
Қ.Ш.: — Бурак номи ортидан Турк ошхонасини дунёга танитяпсиз. Аммо CZN’нинг маъноси нима? Буни кўпчилик билмайди.
Б.Ў.: — CZN’нинг маъносини шундай изоҳласам: vен ҳозир 23 ёшдаман ва университетда охирги босқич талабасиман. 15 ёшимдан бери отамнинг ёнига ишлаш учун борардим. Отамнинг Cinzano деган номли текстил фабрикалари бор эди. Мен эса ўша номнинг қисқартирилганини ўзимга ёзиб олгандим. Ҳамма менга: “Отанг бой-бадавлат инсон, сен эса бу ерда оддий ишчи бўлиб юрибсан” дерди. Мен эса: “Бу иш ўзимга ёқади” дердим. “Ундай бўлса сен Cinzano эмас, CZN сан” деб ҳазил қиларди. Бу ўша пайтдан қолган жуда эски ном.
Қ.Ш.: — Футболчи бўлмадингиз. Аммо бугун дунёнинг энг таниқли, энг машҳур футболчилари сизнинг ёнингизга келиб, овқатларингиздан танаввул қилади. Балки футболчи бўлганингизда бу қадар машҳур бўлолмасдингиз.
Б.Ў.: — Ҳа, чунки ҳамманинг ўзига яраша, ўзига хос жиҳатлари бор. Аммо асл муаммо нимада эканлигини биласизми? Инсонларга чин маънода ўзини севдира олиш. Масалан, ҳозир футболчи бўлганимда, бир талай футболчи бор... Масалан Рональдо. Қилган яхши ишлари билан, лойиҳалари билан инсонларнинг севгисини қозонган. Унданда қимматроқ, унданда яхшироқ футболчилар бўлиши мумкин, аммо унчалик севилмаслиги мумкин. Мен учун энг асосийси ҳам шу. Яна таъкидлайман, нима эксак, шуни ўрамиз. Биз учун энг муҳими, инсонларнинг бизни севиши, бизнинг ҳам уларни севиб, ҳурмат қилишимиз. Аллоҳнинг изни билан, мана шундай ҳурмат-эҳтиром бўлса, мухлислар сони ортиб бораверади. Мен шундай деб ўйлайман.
Қ.Ш.: — Футболчиларнинг ўйинини муҳокама қилишимиз осон. Сизнинг ишингизни муҳокама қилишса, бу сизга қанчалик ёқади ёки ёқмайди?
Б.Ў.: — Албатта, муҳокама қилишади. Бизнинг ҳам ўз йўналишимиз бор, ўз усулларимиз бор, албатта. Аммо биз ҳеч кимга қарамаймиз. У нима қилибди, бу нима қилибди, демаймиз. Биз фақат “Биз нима қила оламиз?” деймиз. Биз шуни хоҳлаймиз. Шу йўналишда бугунимизга эришдик ва албатта янада яхшироқ натижаларга эришишимизга ишонамиз.
Қ.Ш.: — Рақибларингиз ҳақида гапирдингиз. Шу онда дунёда турк ошхонаси ҳақида гап кетганда, бир томонда Нусрет, бир томонда Бурак тилга олинади. Албатта, Нусрет ёш жиҳатидан ҳам сиздан катта, тажрибаси ҳам сиздан кўп ва ижтимоий тармоққа биринчилардан бўлиб чиқди. Нусрет билан орангизда рақобат борми?
Б.Ў.: — Йўқ. Мен уларни ўзимга рақиб сифатида кўрмайман. Ҳамкасб сифатида қарайман. Албатта, у ҳам жуда моҳир, кўпгина одамлар унинг қўлостида ишлайди, нон топади. Турк таомларини ўз йўналишида дунёга танитяпти. У ҳам жуда моҳир. Биз бошқачароқ йўналишдамиз. Бизнинг ошхонамиз жуда кенг. Хатай ошхонаси дегани – аслида Усмонли ошхонаси дегани. Усмонли ошхонаси деганда эса, неча асрлар аввал дунёнинг тўртдан учини қамраб олган ошхона кўз олдимизга келади. Усмонийлар катта эди биласиз. Улар бизнинг тарихимиздир. Шунинг учун бизнинг ошхонамиз фарқли. Мен уни ўзимга рақиб сифатида кўрмайман. У ҳам жуда кучли ошпаз.
Қ.Ш.: — Нусретнинг ижтимоий тармоқдаги чиқишларини кўриб нимадир ўрганасизми?
Б.Ў.: — Мен унинг ишларини кузатмайман. Кузатмайман аммо, эшитаман, қаердадир кўраман... Ишбилармон сифатида уни моҳир, омадли деб биламан. У ҳам бир қанча инсонни ишлатади, мен ҳам шундай. Бугун менинг ёнимда 1200 киши ишлайди. Аммо бир-биримизнинг ишимизга аралашмаймиз.
Қ.Ш.: — Ютуқларингизда дадангизнинг ҳиссаси жуда катта. Бу ҳақида жуда кўп гапиргансиз. Онангизнинг-чи?
Б.Ў.: — Онамнинг ҳам ҳиссалари бор, албатта. Сизга шундай тушунтирай: бизда аёлларнинг иш ҳаёти унчалик фаол бўлмаганлиги учун, онам менга кўпроқ уйда ёрдам берадилар. Қандай ёрдам берадилар? Масалан, ҳар куни уйга боргач, “Она, шу-шу овқатларда камчилигимиз бор, шуларга ёрдам беринг” дейман. Ёрдам берадилар. Аммо бизнес борасида отам ёрдам бердилар. Онам – бошимнинг тожи. Мен онамни қизғонаман, шунинг учун у инсон ҳақида кўп гапирмайман.
Қ.Ш.: — Бугун дунёнинг бошқа жойларидаги ошпазларни кузатиб борасизми? Кимлар билан муносабат ўрнатгансиз?
Б.Ў.: — Тўғрисини айтсам, мен ҳеч кимни танимайман. Мен ҳаётим давомида фалончи шу овқатини қандай тайёрлабди, мен шундай овқат қилай демадим. Мен учун ҳар бир ишнинг ўз тартиби бор. Бирор-бир овқатга қарайсиз, қарасангиз шундоқ ҳам унинг қандай тайёрлангани маълум бўлади. То Усмонли даврларидан бери ўша таомнинг қандай тайёрланиши маълум. Мен бунга ўзгача бўлиши учун нима қўшишим мумкин? Мен учун муҳими шу. Аввал мен тайёрлайман, оммага ёйилади, кейин бошқалар тайёрлаб кўришади.
Қ.Ш.: — Ҳар бир таом инсоннинг ҳиссиётларини белгилайди. Сиз одамларга таомлар тортиқ этаётганингизда, уларга улашаётганингизда ўзингиздан қандай ҳис кечади-ю, уларнинг кўзида нимани кўрасиз?
Б.Ў.: — Текстил соҳасидан тушунтирсам. Кийим матосининг 2 долларлиги ҳам бор, 10 долларлиги ҳам, 5 долларилиги ҳам бор... Аммо у қуёшда бироз турса ранги очариб кетади. Кейин сиз уни тикасиз, ранги оч бўлса ҳам ҳеч нарса қилмайди дейсиз. Таом ҳам ҳудди шундай. Меҳр билан пиширсангиз, яхши натижаларга эришасиз. Таомларимизни севиб тайёрлаймиз. Аммо, ҳаммасидан олдин таомларимизни ҳурмат қиламиз, авваламбор сифатига аҳамият берамиз. Ҳеч ким мен оддий нарсалардан ҳам яхши таом тайёрлай оламан, мен биринчиман деёлмайди. Агар ҳар сафар мен бундан ҳам яхшироқ ишлар қилишим керак, кўпроғини бажаришим керак десакгина биринчи бўламиз. Инсонлар сени тан олишлари керак, сен ҳақингда ўзинг эмас, улар гапиришлари керак.
Қ.Ш.: — Бугун дунёнинг энг таниқли одамлари, ҳатто, машҳур сиёсатчилари ҳам сизнинг ресторанингизда меҳмон бўлишмоқда. Сиёсатчиларнинг меҳрини қозониш ҳақида гаплашсак. Сиёсат билан овқатнинг боғлиқлиги нимада?
Б.Ў.: — Албатта, бу ерга сиёсатчилар ҳам келади, оддий ишчилар ҳам келади. Қўшиқчилар ҳам келади, бошқа ресторанда ишлайдиганлар ҳам келади. Бу ерга ҳамма келади. Эшигимиз ҳаммага очиқ. Сиёсага келсак, албатта, Президентимиз бизни жуда яхши кўрадилар ва кўп ташриф буюрадилар. Биз ҳам уларни яхши кўрамиз. Бир-биримизга бўлган меҳримиз сабаб бунга. Ҳар бир таомнинг тақдим қилиниши ҳар хил. Буюртмага кўра тақдим қиламиз. Бу ерга келган мижозларга кўпроқ ёқиши, хурсанд бўлишлари учун шундай қиламиз. Аввал ошқозон, кейин кўзи тўйиши керак инсоннинг.
Қ.Ш.: — Кўпчилик машҳурларда бўладиган юлдузлик касали сизда борми?
Б.Ў.: — Мен ўзим учун юлдузман. Бундай касалликка чалинган инсон доим фартук тақиб юрмайди. Соат 10:00 да ишга келмайди, ҳар куни соқолини олмайди. Инсонлар орасида кўзойнак тақиб юради. Мен биринчи кун қандай бўлсам, ҳозир ҳам худди шундайман. Ҳамма учун бир хилман. Мен бугун сизга 00:00 да келинг дедим, тўғрими? Нега бундай дедим?
Қ.Ш.: — Нимага?
Б.Ў.: — Чунки аввал мижозлар, хўрандалар билан банд бўламан. Кимдир мен учун бу ерга келдими, мен уни албатта, ҳурмат қиламан. Мени кўриш учун келган инсонни, мен ҳам яхши кутиб олишим кераклигини яхши биламан. Ўзбекистонлик дўстларим, сиз соат 20:00 да офисимга келинг, ўша ерда ўтириб, репортаж қилайлик, дейишим ҳам мумкин эди. Аммо менинг офисим йўқ, менинг ҳайдовчим йўқ. Менинг 1 дона машинам бор, кўпинча уни ҳам ҳайдамайман. Метрода бориб, келаман. Уйдан эрта чиқаман ва кўчалар жуда тирбанд бўлади. Вақт – энг қадрли мулкдир. Нимага биласизми? Чунки қанчалик бой бўлсангиз ҳам вақтни сотиб ололмайсиз. Қанчалик бой бўлсангиз ҳам севгини сотиб ололмайсиз. Мен айнан шуларни қўлга киритишга ҳаракат қиляпман.
Қ.Ш.: — Оилалимисиз?
Б.Ў.: — Йўқ, мен турмуш қурмаганман.
Қ.Ш.: — Севганингиз борми?
Б.Ў.: — Афсуски йўқ.
Қ.Ш.: — Нега афсуски?
Б.Ў.: — Аслида бор эди. Мен ишини жуда яхши кўрадиган одамман. Шунинг учун мен билан алоқасини узди. Нима ҳам қилардим, ҳаёт экан. Ишонинг, агар инсон севса, ташлаб кетмайди. Севган инсон, ажрашмайди. Севган инсон, жойи келганда ҳаммасига кўз юмади. Кўзини юмади, аммо қўлингдан тутади. Севмаган инсон, дарров баҳона қидиради. Сен ундайсан, бундайсан, жуда машҳурсан, мени жуда яхши боқасан, аммо уйга кеч келасан, менга телефон қилмайсан дейди. Бу сўзлар севмайдиган инсоннинг сўзларидир. Севган инсон тушунаман, ишдасан, муҳим эмас, бу бизнинг келажагимиз, дейди. Шу сабабдан айрилдик.
Қ.Ш.: — Қанча давом этди, узоқми, қисқами?
Б.Ў.: — Олти ой давом этди. Турмуш қурмаганман, севган қизим эди. Ўтди кетди, Аллоҳ ҳаммага яхшисини насиб қилсин.
Қ.Ш.: — Дунёда шунақа жараён кечяптики, ёш авлод жуда тез машҳур бўлишга интиляпти, жуда тез брендларни кийишга, уларни қўллашга қизиқяпти. Бизнесмен бўлишни, бой бўлишни хоҳлайди. Сиз ўзингиз босиб ўтган йўлдан келиб чиқиб, ёшларга қандай маслаҳат берасиз?
Б.Ў.: — Ишлаш – ҳақиқатан ҳам инсонни бахтли қиладиган сабаб. Биласизми нега? Чин дилдан ишласа, яхши муҳит ярата олади. Рўзғорини яхши юрита олади. Аллоҳга шукрки, қўлим ҳамма нарсани ушлай олади. Соғломмиз, оёқ-қўлимиз ишлаяпти. Аммо баҳона қидиришади. “Мен ҳали ёшман” дейишади. Йўқ, ҳамма нарсанинг ўз вақти бор. Сайр қилишнинг ҳам, ўқишнинг ҳам, ишнинг ҳам ўз вақти-соати бор. Мен университетнинг охирги курсида ўқийман. Ўқишимнинг ҳаётимда алоҳида ўрни бор, ишга келаман, унинг ўрни бошқа, оиламнинг ҳам ўз ўрни бор. Ҳаммасини алоҳида-алоҳида ўрни бор.
Инсон ёшлигида келажагини кўролмайди. Менга ҳали бор дейди. Дарахт – ёшлигида эгилади. Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор. Шу сабабдан, ёшлар керак бўлса кириб бирор жойда ишланг, керак бўлса ўз ишингизни очинг. Ризқни бергувчи – Худодир. Аллоҳ меҳнат қилганни яхши кўради. Мен ишонаманки, сизлар ўз ишингизни топа оласиз. Бу йил бўлмаса, кейинги йил. Кейинги йил бўлмаса, ундан кейин. Мен 2017-2018 йилларидан бери шундайман. 2017 йилдан олдин мен ҳам Усмонбейда оддий ишчи эдим. Отамнинг шароити яхши эди. Менинг битта аравам бор эди. Фабрикадан футболкаларни олиб, олдига расм бостириш учун ташиб юрардим. 2017 йилгача. Қаранг ҳали кўп бўлмади. Бирдан ҳаётим ўзгарди. Бир эшик очилади. Аммо у эшик ишласанггина очилади. Ғайрат-шижоат билан ишлайсан, ўзингни бағишлайсан. Ҳозир ўзимга телефон олсам, ерга тушиб кетса ачинаман. Аммо отам олиб берганларида, “Тушиб кетди, нима ҳам қилардим?” дердим. Ўз пешона теринг билан ишлаб олган мана шу нонинг ҳам ҳудди ёқимли тортдек туюлади. Мен буни билганим учун айтяпман.
Қ.Ш.: —Ўзбекистонда ресторан очиш режангиз борми?
Б.Ў.: — Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Ҳозир ўйлаяпман. Ҳамма “Бурак ресторан оч” деяпти. Муҳими ресторан очиш эмас, уни бошқариш, ижтимоий тармоқдан кўриб “Бу жуда яхши бола, мазали овқатлар тайёрлайди” деб, бу ерга келиб бунинг тасдиғини кўриши керак. “Бу ҳаммаси шоу экан, кўринганидек эмас экан” дейишса, мен хафа бўламан. Бошқа жойларда очсам, моддий жиҳатдан пулим кўпаяди, аммо хўрандаларни йўқотаман. Мана шу мувозанатни тенглаштиришга ўзимни тайёр ҳис қилсам, ана ўшанда бутун дунёда ресторанларимни очаман.