Чўзилувчан тери, узун тил ва кўзи билан сут пуркаш: жаҳон рекордини ўрнатган ғалати инсонлар

Бу қизиқ

image

Гиннеснинг рекордлар китоби инсон имкониятлари ва ноодатий хатти-ҳаракатларининг энг ажабтовур намоёнидир. Дунёда ҳар куни турли одамлар ўзига хос қобилият, жасорат ёки ғаройиб одатлар билан жаҳон рекордини ўрнатишга ҳаракат қилади. Уларнинг айримлари кулгили, айримлари эса ҳайратга солади, баъзилари эса ҳатто бироз қўрқинчли туюлади. Қуйида сиз энг ноодатий, ғалати ва кўпчиликни ажаблантирган жаҳон рекордлари билан танишасиз. Ушбу одамлар ўз ҳаракатлари билан дунёга ҳар бир инсон ўзига хос ва рекорд ўрнатиш фақат куч эмас, балки сабр, ирода ва иштиёқ ҳам талаб қилишини исботлади.

Энг кўп бургер еган одам

Дональд Горске исмли америкалик эркак умри давомида энг кўп Биг Мак бургерини еганлик бўйича ноодатий жаҳон рекордига эга. У 1972 йилдан бери ҳар куни бир дона Биг Мак еб келади ва 2025 йил март ҳолатига кўра, 35 мингдан ортиқ McDonald’s бургерини еган.

Энг тили узун одам

Яна бир америкалик Ник Стоберлни барча даврларнинг энг ғалати унвонига эга шахс деса ҳам бўлади. У дунёдаги энг узун тилли эркак ҳисобланади: Стоберлнинг тили 10,1 сантиметрга етади. Бу рекорд 2012 йил 27 ноябрда Гиннеснинг рекордлари жамоаси томонидан тасдиқланган. Унинг тили нафақат узун, балки жуда мослашувчан ҳам. У турли фокуслар қила олади, масалан, расм чизади ва ноодатий узун тили билан электрон хат ёзади.

Хом пиёзни энг тез еган одам

Япониялик Юсуке Ямагучи исмли эркак 2013 йил 31 декабрь куни Янги йил байрамида хом пиёзни атиги 29,56 сонияда еб тугатиб, рекорд ўрнатган. Бу ғалати жаҳон рекордларидан бири бўлиб, уни янгилаш осон. Бунинг учун бутун пиёзни қанчалик тез еб тугатишингизни кузатинг.

Териси чўзилувчан одам

Энг ноодатий Гиннес рекордларидан бири дунёдаги энг чўзилувчан терига эга Гари Тернер исмли одамга тегишли. Унинг бу “қобилияти” тиббиётда тери, пайлар ва ички аъзоларга таъсир қилувчи Элерс-Данлос синдроми деб аталади.

Тернер терисини 15,8 сантиметргача чўза олади ва бу рекордни у 1999 йилдан бери ушлаб турибди. Бу жараённи кўриш, ростини айтганда, бироз қўрқинчли.

Энг узун мўйловли эркак

Ҳиндистонлик Рам Сингҳ Чауҳан ҳам энг ғалати жаҳон рекордларидан бирига эга. У 54 ёшда ва айтишича, мўйлов ўстиришни жуда ёшлигидан бошлаган.
Чауҳан 40 йилдан буён мўйловини қирқмаган! 1970 йиллардан бери ўсиб келаётган бу мўйлов 4,26 метр узунликка етган ва у бу рекордни 2010 йилда Италияда қўлга киритган!

Дунёдаги энг тукли оила

Гомеслар – дунёдаги энг тукли оила. Улар туғма умумлашган гипертрихоз касаллигига чалинган. Бу ноёб ҳолат бутун тана бўйлаб ҳаддан ташқари соч ўсишига сабаб бўлади.

Оммавий эътибор ва одамларнинг ғалати нигоҳларига қарамасдан, улар ўзларидаги ноёбликни қувонч ва фахр билан қабул қилиб, уни ижобий томонга айлантиришга муваффақ бўлган.

Энг узун тирноқли аёл

Кўпчилик учун қанчалик жирканч туюлмасин, миннесоталик Диана Армстронг ўз тирноқлари билан жуда фахрланади ва у аёллар орасида энг узун тирноқларга эга бўлиш бўйича рекордчи. Тирноқларнинг умумий узунлиги тахминан 13 метрни ташкил қилади.

Диананинг айтишича, у 1997 йили қизини йўқотганидан сўнг тирноқ олишни тўхтатган. У бу жаҳон рекордини 2022 йил 13 март куни қўлга киритган. Клавиатурада ёзиш ёки бир финжон қаҳва тайёрлаш каби оддий ишларни бу тирноқлар билан бажаришни тасаввур қила оласизми? Бу ҳақиқатда энг ғалати жаҳон рекордларидан биридир.

Кўздан сут пуркаш

Яна бир ғалати рекорд туркиялик Илкер Йилмазга тегишли. У сутни бурнидан тортиб, кўзидан чиқаради. Йилмаз бу рекордни 2004 йил сентябрда ўрнатган.
Эҳтимолки, бу Гиннеснинг рекордлари китобида учратиш мумкин бўлган энг ноодатий инсон физиологияси намойишларидан биридир. У кўзи ёрдамида сутни 279,5 см масофагача пуркай олади, бунга гувоҳ бўлиш жуда ғаройиб.

Инсон танасида энг кўп қошиқ ушлаб туриш

Грузиялик 39 ёшли кик-бокс мураббийи Этибар Эльчиев бўйин ва кўкрак қисмига 50 та қошиқни ёпиштириб, “Инсон танасида энг кўп қошиқ ушлаб туриш” бўйича жаҳон рекордини ўрнатган. Аввалги рекордчи канадалик Аарон Кейси тутиб тура олган қошиқлар сони 17 тани ташкил этган эди. Этибар Эльчиев дастлаб юзида 27 та қошиқ орқали рекорд янгилашни режалаштирганди, бироқ, режа кескин ўзгариб, унинг бўйин ва кўкрак қисмига ёпишган қошиқлар сони 50 тани ташкил этди.

Рекорд учун пул тўланадими?

Кўпчилик Гиннес рекордини янгилаган шахсга пул мукофотлари берилади, деб ўйлайди, аммо бундай эмас. Ташкилот маълумотига кўра, ҳеч қандай рекорд учун рағбатлантирувчи таклифлар мавжуд эмас. Одамлар рекорд ўрнатишга кўпинча пул олиш учун эмас, балки шахсий мотивация, эътироф ва тан олинишга бўлган эҳтиёж туфайли ҳаракат қилади. Бундай ютуқ одамга ўз имкониятларини намоён этиш, ўзини синаб кўриш, ҳаётда муҳим ва унутилмас из қолдириш имконини беради.

Шу билан бирга, Гиннес рекордлари кўплаб оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилади. Рекорд ўрнатган инсонлар машҳур бўлиб кетади, интервьюларга чақирилади, аудитория орттиради ва баъзида ўз фаолиятини реклама қилиш имкониятига ҳам эга бўлади. Масалан, спортчилар, санъаткорлар ёки ҳунармандлар ўз брендини танитиш учун шундай рекордларга интилишади.


Мақола муаллифи

Теглар

Гиннеснинг рекордлар китоби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг