“Чортоқ” сувомбори атрофида ҳам туризм комплекси қурилади
Жамият
−
16 Сентябрь 4706 2 дақиқа
Наманган вилоятидаги “Чортоқ” сувомбори атрофида туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилинади. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Жаҳон банки билан Ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида жорий йилда “Фурқат” боғи реконструкция қилиниб, ҳудуди қарийб 2 баробар кенгайтирилади, Чортоқсой бўйлаб 11 километр узунликда пиёдалар ва велосипед эко-йўлаклари қурилади.
Жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида Чортоқсой ва Катта Наманган канали қирғоқларининг 7 километри бетонлаштирилиб, 30 гектар ер фойдали майдонга айлантирилади.
Бу ердаги кўп йиллик боғлар билан уйғун ҳолда санаторий типидаги йирик сервис объектлари барпо этилади. “Чортоқ” сув омбори атрофида туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилинади.
Яна бир йирик лойиҳа – Поп туманидаги Арашан кўли атрофида 1200 гектар майдонда йилига 1 миллион сайёҳни қабул қиладиган йирик туризм комплекси барпо этилади.
Туризм соҳасидаги катта лойиҳалар учун кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан Австриянинг Кремс университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятидаги Оҳангарон сувомбори атрофида камида 600 нафар сайёҳни қабул қила оладиган янги маскан барпо этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси