“Чорсу” сотувга қўйилди
Жамият
−
21 Сентябрь 2019
9323Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 16 сентябрдаги 774-сонли қарорига мувофиқ собиқ “Чорсу” меҳмонхона комплекси сотиш белгиланган.
Қарор билан собиқ “Чорсу” меҳмонхона комплексини сотиш шартлари ҳам белгиланган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Мажмуа қуйидаги шартлар асосида сотилади:
- “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда;
- аукцион босқичи 100,0 млн.;
- аукцион савдоларида қатнашиш учун талабгор шахсий кабинетини ва шахсий ҳисоб рақамини очиши учун
www.e-auksion.uz сайтидан рўйхатдан ўтиши;
- аукцион савдоларда қатнашиш учун талабгор белгиланган инвестиция суммасининг 5 фоизидан кам бўлмаган миқдорида шахсий кабинетдаги ҳисоб рақамини тўлдириши ва объект учун белгиланган лот рақамига ариза бериши (бунда, савдо ғолиби томонидан шартнома тузилиши рад этилган тақдирда закалат суммаси қайтарилмайди);
- объектни сотиб олиш бўйича ғолиб бўлган инвестор олди-сотди шартномаси тузилгунга қадар белгиланган тартибда инвестиция миқдорининг камида 10 фоизи (2,5 млн. АҚШ долларига тенг) миқдоридаги маблағни ўзининг хизмат кўрсатувчи банкида алоҳида ҳисоб рақами очган ҳолда жойлаштирганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (тегишли тижорат банкдан маълумотнома) ҳамда ушбу маблағларни инвестиция киритиш учун фойдаланиш бўйича кафолат хатини тақдим этиши лозим.
Электрон онлайн аукцион савдолари жорий йилнинг 21 октябрь куни соат 09:00 да бошланади.
Электрон онлайн аукцион савдоларга аризаларни қабул қилиш аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабарнома эълон қилинган кундан бошланади ва савдо кунидан 1,5 кун олдин 13:00 да тугайди. Агар аукцион савдолари бўлиб ўтмаган деб топилса, такрорий танлов савдолари ҳар 15 иш кунида бир марта ўтказилади.
Элатиб ўтамиз, 2018 йил 9 мартдаги шартномага кўра, собиқ “Чорсу” меҳмонхона мажмуаси туркиялик тадбиркор Аҳмет Демирга қатор шартлар билан берилганди. Бироқ инвестиция шартларининг бажарилмагани сабабли комплекс қайтариб олинди.