Чироқчидаги туғуруқхонадан аёлнинг ўлиги чиқди
3-саҳифа
−
29 Ноябрь 2023
10106Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғуруқхонага олиб келинган 26 ёшли ҳомиладор аёл фарзандини дунёга келтирганидан бир неча кун ўтиб, вафот этди. Ҳолат жорий йилнинг 16 октябрь куни содир бўлган бўлса-да, бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ва улар ортидан чиққан эътирозлар сабаб, бир ярим ой ўтиб, расмий ахборот берди.
ССБнинг маълум қилишича, Чироқчи туман Ғаллачи маҳалласида яшовчи, 1997 йилда туғилган А.Г. шу йилнинг 10 октябрь куни соат 06:00 да қариндошлари томонидан Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига олиб келинган.
“Қайд этилишича, аёлда охирги кўрик 2023 йил 13 сентябрда, ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида ўтказилган. Бунда аёлга ётиб даволаниш тавсия қилинган, лекин аёл даволанишга бормаган.
Бўлимга келганида аёлнинг умумий аҳволи қониқарли баҳоланган. 10 октябрь куни соат 16:10 да вазни 3400 оғирликдаги ўғил чақалоқни дунёга келтирган. 2023 йил 12 октябрь куни эрталаб соат 5-6 лар оралиғида аёлнинг аҳволи оғирлашиб, қорнида кучли оғриқ пайдо бўлган. Оғриқлар кучайгач, бирлашма хирург врачлари жалб қилинган, шундан сўнг вилоятдан жарроҳ, акушер-гинеколог ва нефролог чақирилган. Сўнг беморда операция ўтказилган”, дейилади ахборотда.
Бироқ ССБ аёл фарзандини қай – табиий ёки кесарча кесиш йўли билан дунёга келтирганига аниқлик киритмаган. Шунингдек, аёл қайси ташҳисга кўра операция қилингани ҳам аниқ эмас.
“Операциядан кейин аёлга тегишли муолажалар қилинган. Аммо аёлнинг умумий аҳволи оғирлашган, қилинган барча муолажаларга қарамай, у 2023 йил 16 октябрь куни соат 02:30 да вафот этган”, дейилади ССБ баёнотида.
Билдирилишича, мазкур она ўлими ҳолати вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинган ва бу борада тегишли чоралар белгиланган.
Айни пайтда ҳолат Чироқчи тумани прокуратураси томонидан ўрганилаётгани айтилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот тақдим қилиб, Ўзбекистонда оналар ўлими ўсиб бораётгани, шу йилнинг уч чорагида қайд этилган ҳолатлар ўтган йилнинг мос давридагидан анча кўплигини айтган эди. Унинг билдиришича, оналар ўлими 2023 йилнинг январь – сентябрь ойларида Ўзбекистонда оналар ўлими кўрсаткичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 фоизни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1 фоизга ошган.
Қонунчилик палатаси йиғилишида қатнашган Соғлиқни сақлаш вазирининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова эса депутатларга сўз бериб, 2030 йилга келиб мамлакатда оналар ва гўдаклар ўлимини 2 бараварга камайтиришни ваъда қилди.
LiveБарчаси