Чилонзордаги дарахтларни сақлаб қолиш хавф остида. Зарар миқдори аниқланди

Жамият

image

Тошкентнинг Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида 101 туп дарахтнинг илдиз қисми шикастланган. Оқибатда ўсимлик дунёсига 420 миллион 450 минг сўм зарар етган. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси маълумот берди. 

Қайд этилишича, ҳолат қўмита ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилган. 

Аниқланишича, Чилонзор тумани 1-мавзе Чилонзор кўчаси йўлини реконструкция қилиш жараёнида умумий режалаштирилган 1,4 км йўл таъмирлаш лойиҳасининг 300 метр қисмида эски ирригация тармоқлари (лотоклар) олиб ташланиб, йўлни кенгайтириш ва сатҳини 1 метргача пасайтириш ишлари амалга оширилган.

Мазкур қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёнида Чилонзор кўчасидаги мавжуд жами 101 туп дарахтлар, шу жумладан, 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп мевали беҳи дарахтларининг илдиз қисми шикастланган.

Дастлабки ўрганишда диаметри 45 - 98 смгача бўлган 7 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилгани маълум бўлган бўлса, қўшимча ўрганиш натижасида яна 2 туп эман, жами 9 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилганлиги аниқланган. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу дарахтларни сақлаб қолиш эҳтимоли хавф остида.

Чилонзор кўчасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида қолган 90 дан ортиқ дарахтлар ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастланган. 

Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида дарахтларни илдиз тизимига шикаст етказилиши ҳолатлари билан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг 32, 37-моддалари талаблари бузилишига олиб келган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, дарахтларни илдиз тизими жиддий шикастлантирилгани оқибатида ўсимлик дунёсига 420 миллион 450 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги ҳисоб-китоб қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилган.

“Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қурилиш лойиҳаларни амалга оширишдан олдин экологик меъёрий лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ҳамда мажбурий тартибда Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгиланган. Аниқланишича, мазкур йўл қурилиш-таъмирлаш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаган.

Ўрганиш натижаларига кўра қўшимча ахборот берилишини маълум қиламиз”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Тошкентнинг Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида дарахтларга зарар етказилгани юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борлаётганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг