Сурия армияси Ҳалабни эгаллади
Олам
−
17 Февраль 2020
7702Сурия армияси "Идлибдаги тонг" операциясининг навбатдаги босқичини муваффақиятли якунлади. Кеча, 16 февраль куни бўлган ҳал қилувчи жангда ҳукумат қўшини мамлакатнинг энг йирик шаҳарларидан бир бўлган Ҳалаб шаҳрини эгаллашга муваффақ бўлди.
Бундан ташқари, Сурия армияси Ҳалаб шаҳрининг шимолий ғарбида жойлашган Анадан текислигидаги барча шаҳарларни, шу жумладан Храйтан, Бабис ва Анаданни ҳам ўз назоратига олди.
2012 йилдан бери биринчи марта Ҳалаб атрофидаги барча аҳоли пунктлари жангарилардан озод қилинди. 16 февраль куни Сурия кучлари ҳаммаси бўлиб 28 та аҳоли пунктини назорат остига олди. Ҳалаб аҳолиси шаҳар ва унинг атрофлари бутунлай озод бўлишини мамнуният билан кутиб олди. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоизки, ҳукуматнинг сўнгги ғалабаларидан сўнг мамлакатни тарк этган сурияликлар ўз уйларига аста-секин қайтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу ой давомида Сурия армияси мамлакатнинг ғарбий қисмида ўз назоратини ўрнатишга муваффақ бўлди. Хусусан, шу йилнинг 29 январида Маарет Нууман шаҳри озод қилинган эди. Кейин, 8 февраль куни Ҳукумат армияси М4 (Латакия - Ҳалаб) ва М5 (Дамашқ - Ҳалаб) халқаро йўналишларининг чорраҳасида жойлашган Саракиб шаҳрини эгаллашга муваффақ бўлди. 9 февраль куни Идлибнинг шарқидан келаётган қўшинлар Ҳалабнинг жанубидан келаётган қўшинлар билан бирлашди ва шу тариқа Сурия армияси мамлакатнинг энг асосий автомагистрали бўлган М5 трассасини деярли тўлиқ назоратга олди.
Суриядаги қуролли можаро 2011 йилдан бери давом этмоқда. Ҳукумат томонидан 2017 йил охирида ИШИД террорчилик гуруҳи устидан ғалаба эълон қилинди. Ҳозирда мухолифат кучлари билан курашаётган Сурия армиясининг энг катта вазифаси Туркия назорат қилаётган Идлиб шаҳрини эгаллашдир.
Нуруллоҳ Шарипов