Четдан олиб келинган 5,3 млрд сўмлик дори воситалари тўхтатилди

3-саҳифа

image

Россия ва Қозоғистондан ноқонуний олиб келинган 5 млрд 353 млн сўмлик дори воситалари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистонда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятлар номига юборилган товарлар ортилган 2 та ГАЗ русумли юк автотранспорт воситалари Тошкент вилоятидаги “Яллама” чегара-божхона постига “қизил йўлак”да кириб келганидан сўнг уларни тўлиқ божхона кўригидан ўтказиш мақсадида божхона ходими кузатуви остида белгиланган манзил божхона постига йўналтирилган. Лекин, ярим йўлда божхона ходими машиналарни белгиланган манзилгача кузатиб бормасдан, уларни назоратсиз қолдириб, эркин ҳаракатланишига замин яратган.

Бундан фойдаланган ҳайдовчилар йўналишни ўзгартириб, Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 1966 йилда туғилган фуқаронинг хонадонига борган.

Сўнгра Россия ва Қозоғистондан китоб, аксессуар ва кийим-кечаклар орасига яширган ҳолда олиб келинган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган “Актовегин”, “Клексан”, “Ремаксол” каби 214 номдаги жами 52 минг 459 дона дори воситаларини юк машинасига ўрнатилган божхона муҳрини бузмаган ҳолда хонадонга тушириб, белгиланган манзил божхона пости томон йўлга чиққан вақтида ДХХ ҳамда Божхона қўмитасининг шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан ушланган. Сифати кафолатланмаган ушбу дори воситаларининг умумий қиймати 5 млрд 353 млн сўмни ташкил этади.

Терговга қадар текширув давомида, ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган Қозоғистон Республикаси фуқароси мазкур товарларни қўшни давлатдан Ўзбекистонга ўтказиб бериши эвазига юк автомашиналари ҳайдовчиларига 2000 АҚШ доллари ваъда қилгани маълум бўлган.

Ҳозирда юк машиналари ҳайдовчилари ва дори воситалари туширилган Юқори Чирчиқ туманидаги хонадон эгасига нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, хизмат мажбуриятини тўлақонли бажармай, хориждан ноқонуний олиб келинган дори воситаларини юк машиналаридан тушириб қолдирилишига замин яратган “Яллама” чегара-божхона пости инспекторининг хатти-ҳаракатларига нисбатан тергов давомида ҳуқуқий баҳо берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг “Навоий” чегара божхона постидан кириб келаётган фуқаро 100 дона дори воситасини белига яшириб кираётганда тўхтатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон дори воситалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг