Чемпион Элбек Раҳимовни ўлдирган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Жамият

image

Хабарингиз бор, 2021 йилнинг 17 август куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ушу-санда бўйича жаҳон чемпиони, ММА жангчиси Элбек Раҳимов ўлдириб кетилганди. 

Бугун, 5 май куни мазкур қотиллик юзасидан Қашқадарё вилоят судида 26 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди. 

Қайд этилишича, судланувчиларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, уларнинг 3 нафари вояга етмаган шахс ҳамда 3 нафари ички ишлар органларининг собиқ ходимларидир. Улар Жиноят кодексининг 97, 109, 111, 127, 137, 169, 277, 28,137, 28,211, 28,277, 210, 230-1, 241-1 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ички ишлар органларининг собиқ ходимларига 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10 800 000 сўм миқдорида моддий зарар ва 150 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

Хабарга кўра, мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилган.

Маълумот учун, спорт устаси Элбек Раҳимов 2021 йилининг 17 август куни соат 10:00 атрофида кўп қаватли уйдаги хонадони олдида бир гуруҳ шахслар томонидан ўлдириб кетилган.  Уша куни етти нафар шахс Элбек Раҳимовни кўп қаватли уйидан чиқишини кутиб туриб, чиққанидан кейин уни бош, юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига уриб, оғир тан жароҳати етказган. Сўнг Gentra автомашинасига мажбуран миндириб, жиноий қилмишларини яшириш мақсадида Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб бориб, ташлаб кетган.

Оқибатда Элбек Раҳимов кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан шу куни шифохонада вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1272

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг