“Челси” криптовалюта компанияси билан шартнома имзолади

Спорт

image

Лондоннинг “Челси” футбол клуби “WhaleFin” криптовалюта компанияси билан қиймати 20 миллион фунт стерлинг бўлган (24,4 миллион доллар) ҳомийлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда “Financial Times” ўз  манбасига таяниб хабар берди.

Манбага кўра, ҳомийлик шартномаси Англия Премьер лигасининг кейинги мавсумидан бошлаб кучга киради. Клубнинг криптовалюта активлари платформаси билан тахминий келишуви шу йилнинг январь ойида тузилган эди. Бу келишув “Челси” хўжайини Роман Абрамовичнинг клубни сотувга қўйиш ва Буюк Британия ҳукуматининг тадбиркорга қарши санкциялар қўллаш тўғрисидаги қароридан олдин тузилган эди.

“Челси” жамоаси матбуот хизмати хабар қилганидек, америкалик ишбилармонлар Тодд Боэли, Марк Валтер, швейцариялик миллиардер Хансёрг Бисс ва “Clearlake Capital”  инвестиция компаниясидан иборат сармоядорлар “аристократ”ларни сотиб олиш шартларини келишиб олди. 

Боэли консорциуми "Челси"ни 4 миллиард фунт стерлинггача (тахминан 5 миллиард доллар) сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган. Бу келишувни Буюк Британия ҳукумати ва Англия Премьер лигаси маъқуллаши керак. Санкциялар Абрамовичнинг клубни сотиш режаларини тўсиб қўйган.  Бунинг учун махсус лицензия талаб қилинади ва уни бериш шартига кўра, россиялик тадбиркорнинг ўзи жамоани сотишдан ҳеч қандай маблағ ололмайди.

Тадбиркор Роман Абрамович “Челси”ни 2003 йилда сотиб олган. Клуб 2022 йилнинг март ойида 4 миллиард долларга сотувга қўйилди ва жамоа устидан назорат унинг хайрия жамғармаси васийларига топширилди.

Россиялик ишбилармон бошқаруви даврида клуб беш марта Англия чемпиони, беш марта Англия кубоги соҳиби, уч марта Англия лига кубоги ва икки марта мамлакат Суперкубоги соҳиби бўлган. Шунингдек, россиялик миллиардер қўли остида “аристократлар” Европа Чемпионлар лигаси (2012, 2021) ва Eвропа лигаси (2013, 2019) ғолиби ҳисобланади. Қолаверса, 2021 йилда жамоа UEFА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.

Маъруф Абдумаликов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Челси

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг