Чехияда олий мартабали руҳоний наркотик билан қўлга тушди
Олам
−
25 Май 2097 2 дақиқа
Чехиянинг Карлови Вари шаҳрида митрополит (бир нечта черков ҳудуди устидан раҳбарлик қиладиган юқори мартабали руҳоний) Иларион автомобили полиция томонидан тўхтатилиб, текширувдан ўтказилди. Ҳодиса давомида машина салонидан оқ рангли модда солинган тўртта кичик контейнер топилгани айтилмоқда. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Митрополит Иларион ушбу моддаларга алоқадорлигини қатъиян рад этган. У ўз баёнотида бундай айбловлар мутлақо асоссиз эканини билдириб, вазиятни провокация деб атаган ҳамда ўз номи ва обрўсини ҳимоя қилиш учун барча ҳуқуқий чораларни кўришини маълум қилган.
Ҳимоя тарафининг билдиришича, автомобиль йўл ҳаракати қоидаларини бузгани сабабли эмас, балки олдиндан режалаштирилган махсус текширув доирасида тўхтатилган бўлиши мумкин. Адвокатлар полиция машинани шошилинч тарзда тўхтатгани, аниқ асослар дарҳол тушунтирилмагани ва текширув жараёнида айрим процессуал тартиблар бузилганини иддао қилмоқда.
Шунингдек, ҳимоя вакиллари автомобиль йўлда икки полиция машинаси томонидан кузатилганини, улардан бири олдинда, иккинчиси орқада ҳаракатланганини таъкидлашган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳужжатлар текширилган, бироқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича аниқ даъво билдирилмаган.
Адвокатлар тинтув жараёнида митрополитга автомобилни тўлиқ кузатиш имконияти берилмагани, у ёнилғи қуйиш шохобчасидаги дўконга олиб кирилганини ҳам қайд этган. Шунингдек, улар текширув вақтида гувоҳлар ёки видео қайд этиш бўлмаганини ҳам шубҳали ҳолат сифатида кўрсатмоқда. Улар автомобилнинг ички қисми эмас, асосан юкхона қисми текширилганини, шахсий буюмлар эса тўлиқ кўздан кечирилмаганини билдирган.
Митрополит Иларион эса тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, бироқ ишнинг тўлиқ, мустақил ва шаффоф текширувдан ўтказилишини талаб қилаётганини айтган. У топилган моддаларнинг келиб чиқиши ва таркиби фақат экспертиза орқали аниқланиши кераклигини таъкидлаган.
Ҳозирда топилган оқ рангли модда юзасидан лаборатория текширувлари олиб борилмоқда. Расмий тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Тергов натижалари ушбу моддаларнинг асл табиати ва воқеадаги ҳар бир томоннинг ролини аниқлаши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда мусулмонлар диний бошқармасининг икки муфтийси ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди. Улардан бири порахўрликда, иккинчиси эса полицияга бўйсунмасликда гумон қилинган.
Live
Барчаси