Чехия Президенти Путиннинг ғалабаси Ғарбга таҳдид солаётганини айтди

Олам

image

Чехия Президенти Пётр Павел Ғарбнинг ҳозирги хатти-ҳаракатларини Иккинчи жаҳон уруши арафасидаги тинчлантириш сиёсатига қиёслади. Бу ҳақда у “The Sunday Times” газетасига берган интервьюсида сўз очди.

“Агар биз Россияга ушбу урушда ғолиб чиқишига йўл қўйсак, барчамиз мағлуб бўламиз”, деб таъкидлади Чехия раҳбари.

Павел Ғарбнинг ҳозирги хатти-ҳаракатини Иккинчи жаҳон уруши арафасидаги тинчлантириш сиёсатига қиёслади. АҚШ ва Россия ўртасидаги махфий музокаралар ҳақидаги сўнгги даъволар, хусусан, “Украина ҳудудларини ўтказиш” бўйича 1938 йилдаги Мюнхен келишувини хавфли тарзда эслатади.

У Судетдаги немис озчилигини фашистларнинг эксплуатацияси ва россияликларнинг “русларни ҳимоя қилиш” ҳақидаги ҳикояси ўртасида тарихий параллеллик яратди.

“Владимир Путин ҳам худди шундай ҳикоядан фойдаланмоқда”, деди у.

Унинг сўзларига кўра, Ғарб Украинага бир пайтлар Чехословакияга хиёнат қилганидек хиёнат қилмаяпти, балки “ўзи қўллаб-қувватламоқчи бўлган тамойилларни ҳимоя қилишни истамаслигини” намойиш этмоқда.

Павел урушдан кейин Европага Москва билан 1975 йилдаги Хельсинки келишуви асосида тузилган янги хавфсизлик шартномаси керак бўлишини айтди.

“Бу Россия барча давлатларнинг ҳудудий суверенитетини тан олиб, ўзининг агрессив фаолиятини чеклашга рози бўлганидан кейин муҳокама қилинади”, дея хулоса қилди у.

Маълумки, Чехия Республикасида октябрь ойи бошида россияпараст Андрей Бабишнинг ANO партияси парламент сайловларида ғалаба қозонган эди.

Ғалабасидан олдин ҳам Бабиш Чехиянинг Украинага миллиондан ортиқ артиллерия ўқларини етказиб бериш ташаббуси “чириган сиёсат” эканини эълон қилиб, бу солиқ тўловчилар учун жуда қиммат экани ва агар у ҳокимиятга қайтса, бекор қилинишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Чехия Бош вазири Петр Фиала бошчилигидаги ҳукумат ўз йиғилишида истеъфога чиқиш тўғрисида қарор қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Иккинчи жаҳон уруши Андрей Бабиш Пётр Павел Мюнхен келишуви Хельсинки келишуви

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг