“Чегара бедарвоза эмас”. ТИВ Қозоғистондаги можарони назоратга олди (видео)
3-саҳифа
−
11:08 2720 2 дақиқа
Аввалроқ, Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги “Қоплонбек” чегара ўтказиш пунктида номаълум шахс олти қиррали бурагич (“отвертка”) билан қўрқитиб, Ўзбекистондан ўтган шахслардан “улуш” талаб қилгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинди.
Маълум қилинишича, вазирлик, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасалари кўнгилсиз ҳолатларни зудлик билан назоратга олиб, тегишли хорижий идоралар билан доимий мулоқот ўрнатган.
Қайд этилишича, яқинда Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти Сариоғоч туманидаги “Коплонбек” чегара ўтказиш пунктида рўй берган ҳолат ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинган. Вазият юзасидан хорижий ҳамкорлар билан ишчи тартибда мулоқот ва мувофиқлаштирув ишлари амалга оширилган.
“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти мазкур вазият, шунингдек, икки мамлакат чегарасидаги рўй бераётган вазиятлар бўйича қозоғистонлик ҳамкорлар билан доимий алоқада бўлиб, ҳолатни атрофлича ўрганиш ва фуқароларимиз ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан тегишли ишларни давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркистон вилояти Полиция департаменти мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берганди.
Бошқарма матбуот хизматига кўра, Туркистон вилояти Сариоғоч туманидаги “Қоплонбек” ўтказиш пунктида содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят содир этганликда гумонланиб, муқим яшаш жойига эга бўлмаган 43 ёшли ишсиз Туркистон вилояти фуқароси қўлга олинган. Гумонланувчи Сариоғоч тумани полиция бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳодисанинг қачон содир бўлгани очиқланмаган.
Полиция ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат Қозоғистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтган.
Live
Барчаси