Чеченистонда ЙПХ ходимини ўлдирган ўсмирнинг жасади оммага намойиш қилинди (видео)

Олам

image

Россиянинг Чеченистон Республикаси Ачхой-Мартан шаҳрида ЙПХ ходимларига пичоқ билан ҳужум қилган ва оқибатда ўлдирилган 17 ёшли ўсмирнинг жасади маҳаллий ҳокимият биноси олдидаги майдонга ташланди. Расмийлар маҳаллий аҳолини ушбу майдонга йиғиб, уларни жасадни томоша қилишга мажбур қилган. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.

Niyso Чечен мухолиф ҳаракати Telegram-каналида эълон қилган видеода аёл кишининг йиғиси эшитилади. Норозилик йиғинидан кейин жасад кўчада қолган.

Niyso вакили “Важным историям” нашрига берган изоҳида расмийлар ЙПХ ходимларига ҳужумни мазкур ҳаракат фаоллари ташкил этган деб даъво қилганини, ушбу ҳужум ортида эса украин махсус хизматларини кўраётганини билдирган.

“Улар бизнинг ахборот ишимизни тўхтатиш мақсадида одамлар бизни лаънатлашлари учун ҳиссиётлар устида ўйнашга ҳаракат қилишмоқда”, дейди ҳаракат вакили.

Ҳодиса ортидан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўлдирилган ўсмирнинг қариндошларини минтақадан ҳайдаб чиқаришни талаб қилган.

“Ички ишлар вазирлиги ва Росгвардия ФХХ билан биргаликда бу иш ортида турганларнинг оталари ва ака-укаларини республика ҳудудидан чиқариб юбориши керак. Уларнинг мол-мулкларини мусодара қилиш лозим”, деган у куч тузилмалари раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда.

Қодиров, шунингдек, воқеани бошқараётган шахслар Туркияда, яна бири эса Украинада эканини айтган.

“Уларнинг ҳар биридан қаттиқ жавоб талаб қилинади. Ҳуқуқ-тартибот идораларига аниқ вазифа қўйилган: ҳар бир айбдорни қонун доирасида жазолаш”, деди у.

Niyso’нинг маълумотига кўра, 9 апрелга ўтар кечаси чечен хавфсизлик кучлари ўлдирилган йигитнинг қариндошларини, жумладан ўсмирлар ва амакиваччаларни ҳам ноқонуний равишда ушлаб кетган.

Ҳужум 7 апрель куни кечқурун Ачхой-Мартан қишлоғида ЙПХ постида содир бўлган. Икки нафар ЙПХ ходими жароҳатланган, улардан бири шифохонада вафот этган. Ҳужум қилган шахс – 17 ёшли Эскерхон Хумашев экани маълум бўлган.

“Грозный” телеканали орқали ҳалок бўлган полициячи яқинларининг чиқиши намойиш этилиб, улар ҳужумчининг қариндошлари эндиликда минтақада яшамаслиги кераклигини айтган. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 317-моддаси (Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими ҳаётига суиқасд) бўйича жиноят иши қўзғатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Чеченистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг