Чарльз III Букингем саройида яшамайдиган бўлди
Олам
−
12:21 2212 2 дақиқа
Буюк Британия қироли Чарльз III Букингем саройидаги 10 йиллик реконструкция ишлари келаси йили якунлангандан кейин ҳам уни доимий қароргоҳ сифатида ишлатмайди. Бу ҳақда кеча, 25 июнь куни қироллик расмийлари маълум қилди.
Қайд этилишича, бу қарор билан қарийб икки аср давомида Букингем саройининг Британия монархининг асосий қароргоҳи сифатидаги мақоми ўзгаради. Қирол реконструкция ишлари якунланганидан кейин ҳам Лондондаги ўзининг узоқ йиллик қароргоҳи – Кларенс-хаусда яшашни давом эттиради. 369 миллион фунтлик таъмирлаш лойиҳаси доирасида саройда эскирган электр тармоқлари, қувурлар ва иситиш тизими тўлиқ янгиланмоқда.
Реконструкция 2017 йилда бошланганида расмийлар Букингем саройи аввалгидек монархнинг асосий Лондон қароргоҳи бўлиб қолишини кутган эди. Сарой 1837 йилда қиролича Виктория тахтга ўтирганидан буён ушбу мақомга эга бўлиб келган.
Қироллик оиласи 2022 йилда қиролича Елизавета II вафотидан кейин молиявий масалаларда очиқликни оширишга ваъда берган эди. Бу қарор монархия молияси юзасидан танқидлар кучайган бир пайтга тўғри келганди. Қирол хазиначиси ва махфий ғазна сақловчиси Жеймс Чалмерснинг айтишича, сарой давлат маросимлари ва расмий қабуллар учун асосий маскан бўлиб қолади.
“У монархиянинг бош қароргоҳи бўлиб қолади. Бу миллий биноларимизнинг тожидаги энг қимматбаҳо дурдир. Ҳазратлари Лондонда бўлганида сарой томида қирол байроғи ҳар доим ғурур билан ҳилпираб туради”, деган у журналистларга.
На Чарльз III ва на қиролича Елизавета II 2019 йилдан бери Букингем саройида тунамаган. Бироқ қирол шахсий хоналарини сақлаб қолади ва зарурат туғилганда улардан турар жой сифатида фойдаланиши мумкин.
Расмийларнинг маълум қилишича, ҳар йили тахминан 700 минг киши Букингем саройига ташриф буюради. Келгусида жамоатчилик учун саройга кириш имкониятлари янада кенгайтирилади, аммо бу қандай амалга оширилиши ҳозирча очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Англиядаги “Radio Caroline” радиостанцияси тасодифан Британия қироли Чарльз III вафот этгани ҳақида эфирда хабар бериб юборганди.
Live
Барчаси