“Чақимчилар мамлакати”: Туркманистон ИИВнинг махфий агентлар тармоғи қандай ишлайди?

Олам

−

image

Юзлаб Туркманистон фуқаролари полициянинг штатсиз хабарчилари ва агентлари ҳисобланади. Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари, айғоқчилар ҳақидаги фильмлардагидек, уларни ёллайди ва кўпинча уларнинг иши учун ҳақ тўлайди, эвазига эса жиноят содир этишга мойил одамлар ҳақида маълумот олади. Агентлар ўзларига оператив тахаллуслар танлайди, улар тақдим этадиган маълумотлар эса ҳар қандай мавзуга тегишли бўлиши мумкин: кимдир тақиқланган трамадол препаратини тарқатади ёки кечалари майда ўғрилик қилади, кимдир одамларни қимор ўйинларига жалб қилади ёки фоҳишалик билан шуғулланади. Қуйида Туркманистон ИИВнинг махфий агентлар тармоғи қандай ишлаши ҳақида сўз боради.

“Чапык”, “Газак”, “Жулге”, “Гамыш”, “Веном”: полициянинг ушбу ва бошқа махфий исмларга эга агентлари маҳалладаги қўшни, ҳурматли ҳамкасб ёки ҳовлидаги тижорат дўкони сотувчиси бўлиб чиқиши мумкин. Улар суҳбатларни эшитади, мулоқот доирасини ўрганади, кейин эса маълумотларни хонадонларда ўз кураторларига батафсил етказади. 

Дўст судда билинади

“Раҳим Байрамовни норасмий ҳамкорликка жалб қилиш бўйича ишлаб чиқилган режа доирасида полиция бўлими ҳузуридаги жамоат тартибини сақлаш марказида у билан суҳбат ўтказилганини ушбу ахборот хати орқали маълум қиламан.

Байрамов ўз ҳаёти ва мулоқот доираси ҳақида сўзлаб берди. У *** фуқароси ўз ўйнаши ва бошқаларни онлайн қимор ўйинларига жалб қилишини маълум қилди.

Полиция ходимлари билан норасмий алоқани сақлаб туриш таклифини у зудлик билан қабул қилди, розилик ҳақида тилхат ёзиб берди ва ўзига “Гамиш” тахаллусини танлади. Айтиб ўтилган фуқаронинг бўлиш жойлари, машғулотлари, мулоқот доираси, яшаш воситалари манбалари ва оператив қизиқиш уйғотадиган одатларини аниқлаш, шунингдек, унинг ғаразли фаолиятини аниқлаш мақсадида агентга қизиқтирган маълумотларни йиғиш бўйича тегишли топшириқлар берилди”.

Бу каби шакллантирилган бир неча ўнлаб ҳужжатлар “turkmen.news” ихтиёрига келиб тушган. Бу – фақатгина 2023-2024 йиллар учун ва уларни Туркманистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари топширган. Раҳбариятга у ёки бу фуқарони нега ёллашмоқчи эканликларини изоҳлаб, улар ундан олинган ва текширилган маълумотлар ҳақида сўзлаб беради. Режалардан сўнг ёллашнинг ўзи бошланади: бўлажак агент суҳбатга таклиф қилинади, у ўзи ҳақидаги маълумотлар ва ўша заҳотиёқ танишларидан бири ҳақида янги кўргазмалар билан мамнуният билан ўртоқлашади. “Тақиқланган онлайн ўйинларга жалб қилади”, “бизнесга сармоя киритиш баҳонасида фуқаролардан ўз эҳтиёжлари учун пул ундиради”, “автомобиль ўғриликлари билан шуғулланади”.

Кейин агентга ҳамкорлик давридаги хулқ-атвор қоидалари, шошилинч алоқа усуллари ва фитнага қатъий риоя қилиш зарурати ҳақида йўриқнома берилади. Агентлар билан учрашувлар белгиланган жойларда ойига икки марта ўтказилади.

Ҳужжатлар воқеани сўзлаб берадиган тартибда унинг мантиғи кам. Полицияга фирибгарлар ва ўғриларни дарҳол айтиб берадиган ва полициянинг ўзи кўздан қочирган бу қандай истеъдодли фуқаролар ва нега улар бу билимлари билан аввалроқ, биринчи маълумот билан бирга ёки умуман ўз ташаббуслари билан ўртоқлашмаган?

“Агар Туркманистонда полициячилар агентларни бутун дунёда бўлганидек ёллайди, деб тасаввур қилинса, жуда кўп мантиқ пайдо бўлади. Аввал уларнинг ўзларини бирор бир ҳуқуқбузарликда ушлашади, кейин эса битим таклиф қилишади: сен бизни танишларинг ҳақидаги чақимчиликлар билан мунтазам равишда таъминлаб турасан, биз эса сенинг қонун билан боғлиқ ўз муаммоларингга кўз юмамиз. Режа иш бериши учун бир марталик ҳуқуқбузарни эмас, балки тегишли муҳитдаги одамни ёллаш керак”, дейилади мақолада.

Қайд этилишича, баъзида бундай “ҳамкорлик” шу даражагача ривожланадики, полициянинг ўзи жиноятлар ташкилотчисига айланади. Масалан, Туркманободда шундай бўлган: у ерда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қўшмачилик билан шуғулланади, бу ҳатто бошқа жиноятларни очиш учун эмас, балки пора ундириш мақсадида қилинади.

Бироқ ҳужжатларга асосланилса, айрим фуқаролар полиция билан мулоқотни биринчи бўлиб бошлаган, уларнинг кўрсатмаларини эса амалдаги агентлар қайта текширган. Информаторлар қайси ишларни очишга ёрдам беради?

Алданган умидлар

Туркман полицияси томонидан агентлар ёрдамида очилган барча ишларнинг тенг ярмидан кўпи иккита йирик категорияга бўлинади. Биринчиси – фирибгарлик ва қимор ўйинларига жалб қилиш ҳақидаги ишлар.

Масалан, Ашхободда яшовчи 25 ёшли фуқаро ишлашга кетишни режалаштираётган юртдошларига чипта сотиб олиш ва виза олиш бўйича хизматларни таклиф қилган. У улардан пул йиғган, аммо кейин ваъдаларни бажаришни орқага сурган, кейин эса гўёки нимадир ўхшамаганини айтган ёки умуман ғойиб бўлган: унинг мижозлари пулларини қайтиб кўрмаган.

2023 йил бошида маълумотни олгач, полициячилар тафсилотларни текшириш учун агентни юборган ва жиноят иши учун материаллар йиғган.

Пойтахтлик икки опа-сингил эса улгуржи савдо бизнесига сармоя киритишни таклиф қилган, аммо жабрланувчилар на фойда ва на инвестицияларнинг ўзини олган. Уларнинг схемасини алданган ҳамкорлардан кимдир эмас, балки полиция агенти очган. Фирибгарлик бўйича барча ишларнинг кўлами деярли бир хил: бу бир турдаги “кичик бизнес” ва “хусусий тадбиркорлик”. “Turkmen.news” ихтиёридаги архивда улушдорларни оммавий алдаш билан боғлиқ ишлар учрамайди.

Фирибгарларнинг тузоғига ўз ҳаётини яхшилаш имкониятларини излаётган одамлар тушади. Худди шундай умидлар билан, гарчи соддароқ бўлса-да, бошқалар қимор ўйинларига аралашади. Уларда иштирок этишнинг ўзи Туркманистонда жарима билан жазоланадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Маълумотларга кўра, бундай ишларнинг баъзи фигурантлари шунчаки оддий танбеҳ олиб, сувдан қуруқ чиққан: полициячилар шусиз ҳам минглаб ва ўн минглаб манат ютқазган одамга раҳм қилиши мумкин.

Аммо қимор ўйинлари ташкилотчиларига ҳақиқий ов уюштирилган. Маълумот олгач, полиция гумонланувчилар олдига тажрибали агентларни юборган ва уларнинг ўтмишини: даромадлари, алоқалари, турмуш тарзини ўрганган. Ниҳоят, тахмин қилинаётган ташкилотчи қўлга олинган ва унинг қурилмалари текширилган, чунки замонавий контекстда казино ёки букмекерлик конторалари онлайн ишлайди.

Хизматларнинг ўзи хорижда ишлайди, аммо Туркманистоннинг тадбиркор аҳолиси улар учун манатда кассалар яратиб, уларга ўз ҳисобларини боғлайди ва ушбу касса орқали ставка қилган ўйинчилардан комиссия олади. Аслида, улар ўз юртдошларининг ютқазишларидан пул топган ва уларнинг тўловлари ойига 50 минг манатгача етган.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотигк кўра, қашшоқлик – қимор қарамлигига тушиш эҳтимолини оширадиган омиллардан бири бўлиб, ўз навбатида қашшоқлик даражасини оширади. Ставка кассалари фаолиятига чек қўйиш орқали полициячилар ҳақиқатан ҳам ушбу ёпиқ доирани узишга ёрдам беради, фирибгарликка қарши кураш ҳам худди шу мақсадга хизмат қилади. Аммо қашшоқлик бошқа иш папкаларида ҳам мавжуд.

Жабрланувчисиз жиноятлар

Агентлар ёрдамида ҳал қилинган ишларнинг яна учдан бир қисми жабрланувчисиз жиноятлар деб аталади. Буларга, масалан, қимор ўйинларида иштирок этиш (уни ташкил қилмаслик) ва шахсий фойдаланиш учун (тарқатиш учун эмас) психоактив моддаларни сотиб олиш ва сақлаш киради. Жинсий хизматларни кўрсатиш ёки олиш, агар мажбурлаш бўлмаса, жабрланувчиларга олиб бормайди. Туркманистонда жиноят деб ҳисобланган катталар ўртасидаги розилик асосида бир жинсли жинсий алоқада ҳам жабрланувчилар йўқ.

Шу билан бирга, “жинсий ходимлар”ни ёки гомосексуал эркакларни информаторлар ёрдамида аниқлаш фирибгарлар ва букмекерлардан сал камроқ амалга оширилган. Бундай ишлар жуда кўп ҳолларда маълумотдан эмас, балки бошқаларнинг ўрин-жойидан таҳдид сезган “ҳушёр фуқаролар”нинг чақимчилигидан бошланган. Масалан, фақат бош ҳарфлари келтирилган Балканабод турғуни полицияга бошқа бир шаҳарлик устидан унинг гей экани ҳақида чақимчилик хати ёзган.

Ашхободлик Александр Саркисовни ўзига хос сериал чақимчи деб ҳисоблаш мумкин. У мамлакатнинг турли минтақаларидаги камида иккита жинсий хизмат кўрсатувчи ходим ҳақида хабар берган. 

“Жабрланувчисиз жиноятлар категориясига биз ов милтиқларини сақлаш ҳолатларини ҳам киритдик. Улар, албатта, қотиллик қуролига айланиши мумкин, аммо Туркманистонда жуда кўп одамлар, айниқса қишлоқ жойларда, улардан ҳам ов қилиш, ҳам экин майдонларини ёвойи ҳайвонлардан ҳимоя қилиш учун мутлақо қонуний фойдаланишади. Шунга қарамай, сўнгги йилларда оддий одамлардан милтиқлар фаол равишда олиб қўйилмоқда. Кимнингдир деворида икки соплоли милтиқ осиғлиқ тургани ҳақидаги маълумотларни полицияда шунчалик қадрли деб ҳисоблашадики, айнан шу нарсадан баъзилар учун чақимчидан агентгача бўлган мансаб йўли бошланади”, дейилади мақолада.

Баъзи мураккаброқ ва кенг кўламли жиноятларда йиғилган далиллар етарли бўлмаганда, агентлар ҳатто гумонланувчиларнинг камераларига ўтказилади. “Turkmen.news” ихтиёридаги ҳужжатлар орасида, масалан, йирик ўғрилик бўйича ишга тегишли бўлган шу ҳақдаги йўриқнома мавжуд. Агент тергов ҳибсхонасидаги хонадошига ўзининг ҳам ўхшаш жиноятлар бўйича бир неча бор судланганини сўзлаб бериши ва унинг жиноий схемаси тафсилотларини аниқлаш ҳамда шерикларини фош қилиш учун уни эҳтиёткорлик билан гапга солиши керак. “Turkmen.news”нинг жазони ижро этиш муассасаси тизимидан ўтган манбалари дастлабки тергов босқичида камерадошлар ҳақида ҳам, колониялар ва қамоқхоналардаги маҳкумларнинг учдан бир қисми маъмурият билан ҳамкорлик қилиши ҳақида ҳам тез-тез сўзлаб берган. Жуда кам ҳолатларда бундай агентлар ҳатто провокацияга боришлари ва ўзига тан жароҳати етказишлари мумкин, токи кейинчалик бунда полицияга керакли одамни айблаш мумкин бўлсин. Бундай провокациялар сиёсий маҳбус Мурат Душемовга нисбатан икки марта уюштирилган.

Иккита йирик категориядан – алдамчилик билан боғлиқ жиноятлар ва жабрланувчисиз жиноятлардан ташқари – психофаол моддаларни сақлашда айбланган кўп сонли одамлар ажралиб туради. Бу каби ишлар тахминан букмекерлик ва жинсий хизматлар ҳолатлари билан бир хил миқдорда. Ҳар бирида одам моддаларни “истеъмол қилиш ва тарқатиш мақсадида” сақлагани кўрсатилган. Бироқ мавжуд материалларда истеъмолчини эмас, айнан дилерни таниш мумкин бўлган тафсилотлар йўқ.

Туркман куч ишлатар тузилмалари ходимлари умуман олганда бундай фарқни ўтказмайди, тақиқланган моддаларга ҳар қандай алоқадорлик эса қийноқлар ва ҳатто судсиз қатл этилиш хавфини туғдиради. Хусусан, 2025 йилнинг ёзида Ашхободда ёнида фақат бешта психофаол модда ҳабдориси бўлган Сулаймон Чориев ўлгунича қийноққа солингани маълум бўлган. Уч йил олдин, 2023 йилнинг ноябрь ойида, Марода куч ишлатар тузилмалари ходимлари этник белуж Алламурат Худайрамовни ўлгунича қийноққа солган. Эркак ўзини қидиришаётганини билиб, полицияга ўзи борган. Уни уч кун давомида шафқатсизларча қийнашган, кейин эса мурдасини қариндошларига қайтаришган. Туркман дипломатлари БМТда у трамадолдан токсик заҳарланиш оқибатида вафот этганини билдирган. Бунгача Туркманистон Бош прокуратураси Алламуратнинг яқинларига одам ўлими факти бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этган. Бош прокурор ўринбосари Раҳим Отаев оилага ёзган хатида жароҳатлар “ўз қўллари етадиган жойларда жойлашган; пайдо бўлиш механизмларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу жароҳатларни ўз қўллари билан етказганлик эҳтимоли истисно этилмайди”, деб билдирган.

“Конкрет қилмишларга муносабат турлича бўлиши мумкин, аммо Туркманистон – қамоқхона ва полиция давлати экани фактлигича қолмоқда. Қамоқхоналарни сақлаш ва янгиларини қуришга, хавфсизлик ходимлари ва штатсиз агентларнинг улкан штатини ушлаб туришга бюджет маблағлари сарфланмоқда, аммо жиноятчилик ҳеч қаерга йўқолмаяпти. Шу билан бирга, кўплаб жиноятлар қашшоқлик ва чорасизлик билан боғлиқ, уларнинг бир қисми эса муайян бир кимсага зарар етказиши даргумон. Тотал назорат ва куч ишлатарлар ўзбошимчалиги Туркманистонни хавфсизроқ қилишга ёрдам бермаяпти, аксинча, куч тузилмалари аппаратига харажатлар ижтимоий соҳалардан пулларни тортиб олмоқда, унинг ахлоқий усуллари эса алдов ва зўравонликни рағбатлантирмоқда”, дейилади мақолада.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг