Centrum Air йўловчини рейсга чиқармади. Авиакомпания сабабини тушунтирди (видео)

Жамият

−

image

Кеча, 5 октябрь куни Centrum Air авиакомпаниясининг C6468 Самара – Тошкент рейсига бир йўловчи чиқарилмади. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, авиакомпаниянинг матбуот хизмати муносабат билдирди.

Йўловчининг сўзларига кўра, борт кузатувчиси ундан ташқарига чиқишини сўраган. У нима сабабдан чиқариб юборилганини тушунмаганини айтган. Шунингдек, йўловчи ундан ўзбек тилида гапиришни сўраганида, ходим “Хоҳласам русча, хоҳласам ўзбекча гапираман”, деб жавоб берганини билдирган.

“Қўйишмади, ўзбекча гапиринг деганим учун”, деган йўловчи.

Авиакомпания матбуот хизматига кўра, йўловчи борт кузатувчисига нисбатан тажовузкор муносабатда бўлган ва унинг ишига халақит берган. Шу сабабли, ҳаво кемаси командири уни парвозга қўймасликка қарор қилган.

“Йўловчи қўпол тарзда талаблар қўйган, ходимани ҳақорат қилган ва йўловчиларнинг бортга чиқиши вақтида унинг ишига халақит берган. Бундай хатти-ҳаракат бортдаги хавфсизлик ва тартибга таҳдид туғдириши мумкин эди. Шу сабабли, ҳаво кемаси командири йўловчини парвозга қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу қарорни тўлиқ асосли деб ҳисоблаймиз”, дейилади муносабатда.

Компанияга кўра, ҳодисанинг барча тафсилотлари ҳужжатлаштирилган. Авиакомпания мазкур фуқаронинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Centrum Air авиакомпаниясининг C6 316 Истанбул – Фарғона рейсида учган йўловчиларнинг 99 та багажлари Истанбулда қолдирилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг