Бюджетдан қарийб 2 млрд сўмни ўмарган “кешбэкчи шоввозлар” ушланди

3-саҳифа

image

Жиззах вилоятида сохта харид чеклари орқали 1,9 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштирган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган текширувда фуқаролар Р.А., Т.Ш. ҳамда “Б.Р.” ва “А.А.” МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, сохта маълумотлар асосида ноқонуний схема ташкил қилгани аниқланган.

Улар гўёки 16,6 млрд сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида ҳужжатлар расмийлаштириб, назорат-касса машиналари орқали савдо амалга оширилгани тўғрисида 3 106 та сохта чек чиқарган.

Мазкур чеклар орқали ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқароларга “Soliq Mobile” иловаси орқали кешбэк сифатида тўловлар амалга оширилган. Натижада 1,9 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида 38,3 млрд сўм маблағлар кешбэк сифатида талон-торож қилинганлиги фош этилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг