Буюк Британияда “буюк хавотир”: озиқ-овқат тақчиллиги юзага келиши мумкин
Олам
−
24 Декабрь 2020
4704Буюк Британия супермаркетлари бошқа давлатлардан янги мева ва сабзавотларни самолётда олиб келишни бошлади. Супермаркетлар ва маҳсулотларни етказиб берувчилар яқин кунларда қиролликда тақчиллик юзага келишидан хавотирда. Бу ҳақда "The Guardian" хабар берган.
Қайд этилишича, бу муаммо Британияда коронавируснинг янги тури тарқалгани ортидан Франция билан чегаралар ёпилиши сабаб келиб чиққан. Икки мамлакат чегарасида маҳсулотлар Британияга ўтказилмай қолиб кетган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, улар январь ойидан олдин ўтказилмайди.
Нашрнинг ёзишича, Британиядаги супермаркетлардан бири (номи айтилмаган) аллақачон мева ва сабзавотларни Испания ва Африканинг шимолидан самолёт орқали олиб келишни бошлаган.
Кеча, 23 декабрь куни эса “Lufthansa” авиакомпанияси Франкфуртдан 80 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари келтирган. Улар орасида кўкатлар, помидор, гулкарам, брокколи, марул, қулупнай ва цитрус мевалар бўлган. Маҳсулотлар бир нечта тармоқлар, жумладан, Tesco, Aldi ва Sainsbury`s талабига биноан келтирилган.
Нашрга кўра, Британиядаги бошқа бир қатор авиакомпаниялар ҳам чет мамлакатлардан маҳсулотлар келтирмоқда.
Аввалроқ, коронавируснинг янги тури сентябрь ойида Буюк Британияда пайдо бўлиб, ноябрь ойининг ўрталарида фаол тарқалишни бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
Шундан сўнг Буюк Британия Ҳукумати янги чекловлар ўрнатилишини эълон қилди. Кўрилаётган чоралар фонида Лондон аҳолиси шаҳар ташқарисига чиқиб кетишга ҳаракат қилиб, темир йўл станцияларида тўпланган. Шунингдек, бир қанча давлатлар янги турдаги коронавирус қўрқуви сабаб Буюк Британия билан авиарейсларни тўхтатган.
LiveБарчаси