Буюк Британия тарихида илк бор этник ҳинд Бош вазир бўлди
Олам
−
24 Октябрь 2022
16515Буюк Британия собиқ Молия вазири Риши Сунак ҳукмрон Консерватив партия етакчилигини қўлга киритди ва Бош вазир бўлади. Бу ҳақда бугун, 24 октябрь куни партия раҳбарини сайлаш тартибини белгиловчи парламентнинг 1922 йил қўмитасига раислик қилувчи Грэм Брэди маълум қилди.
“Биз талабларга муносиб битта номзодни танладик. Шундай қилиб, Риши Сунак Консерватив партия етакчиси этиб сайланди”, дейди Брэди.
Сунакнинг партиялараро курашда ғалаба қозонгани Британия парламенти Жамоатчилик палатаси раҳбари Пенни Мордонт бугун Консерватив партия етакчиси ва Буюк Британия Бош вазири лавозимлари учун курашни якунлаётганини эълон қилганидан кейин маълум бўлди. Бу ҳақда 49 ёшли сиёсатчи Twitter’да маълум қилди.
“Биз навбатдаги Бош вазирни сайладик. Бу тарихий қарор бўлиб, партиямизда қанчадан-қанча турли касб эгалари борлигини яна бир бор кўрсатади”, деб ёзади Мордонт.
Шу тариқа, қолган ягона номзод, 42 ёшли собиқ Молия вазири Риши Сунак автоматик тарзда қисқа сайлов кампанияси ғолиби деб эълон қилинди. Консерваторлар ҳокимиятда экан, у яқин кунларда, эҳтимол эртага, 25 октябрь куни ҳукуматни эгаллаб олади ва Британия тарихидаги биринчи этник ҳинд Бош вазирига айланади.
Маълумот учун, Сунак жорий йилнинг 20 октябрь куни Буюк Британия Бош вазири лавозимини тарк этган Лиз Трасс ўрнини эгалламоқда.
LiveБарчаси