Буюк Британия Чагос оролларини Маврикийга қайтарди
Олам
−
04 Октябрь
4329Буюк Британия Ҳинд океанидаги Чагос архипелаги (ороллар гуруҳи) суверенитетини Маврикийга ўтказишга рози бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Буюк Британия ва Маврикий ҳукуматлари томонидан қўшма баёнот эълон қилинган бўлиб, ушбу келишув “ўтмишдаги хатоларни тузатишга” қаратилган ҳамда Чагос аҳолисининг фаровонлигини таъминлашга ёрдам беришни мақсад қилади.
Қайд этилишича, Чагос архипелагидаги Диего-Гарсия оролида Буюк Британия ва АҚШнинг қўшма ҳарбий базаси жойлашган. Бу база минтақавий барқарорлик ва халқаро хавфсизликда муҳим роль ўйнайди. Келишувга кўра, ҳарбий база кейинги камида 99 йил давомида Британия ҳукуматининг назорати остида қолади. Маврикий эса Чагос оролларига қайта жойлаштириш дастурини амалга ошириши мумкин бўлади (фақат Диего-Гарсия бундан мустасно), ва Буюк Британия архипелаг аҳолиси учун қўллаб-қувватлашни таъминлайди. Ушбу келишув халқаро дипломатия орқали давлатлар ўз тарихий муаммоларини тинч ва манфаатли тарзда ҳал қилишлари мумкинлигининг далили сифатида кўрсатилмоқда.
“Мазкур келишув халқаро шартномага асосланади ва томонлар уни имкон қадар тезроқ якунлашни ваъда қилишди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Чагос архипелаги 1965 йилда Маврикийдан ажратиб олинган ва у вақтда мамлакат Британия мустамлакаси бўлган. Британия уни 3 миллион фунтга сотиб олган ва Ҳинд океанидаги ўз ери деб эълон қилган. 1970 йилларда эса архипелагнинг 2 мингга яқин аҳолиси Буюк Британия ҳукумати томонидан Маврикий ва Сейшел оролларига кўчирилган.
LiveБарчаси