Бутун дунё бўйлаб туғилиш даражаси кескин пасаймоқда – БМТ
Бу қизиқ
−
10 Июнь 3251 3 дақиқа
Деярли бутун дунё бўйлаб туғилиш даражаси кескин пасаймоқда ва миллионлаб одамлар ўзлари хоҳлаганча фарзанд кўра олмаяпти. Асосий сабаблар – молиявий қийинчиликлар, муносиб жуфтнинг йўқлиги ва вақт етишмаслиги. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳоли жамғармаси (UNFPA) томонидан тайёрланган ҳисоботда сўз боради.
Ҳисоботга кўра, одамларнинг хоҳлаганча фарзанд кўра олмаслиги эндиликда глобал норма бўлиб қолмоқда. Репродуктив ҳуқуқлар билан шуғулланувчи агентлик минглаб инсонлар айни шу муаммога дуч келаётганини айтмоқда.
UNFPA томонидан дунёнинг 14 давлатида (Жанубий Корея, Таиланд, Италия, Венгрия, Германия, Швеция, Бразилия, Мексика, АҚШ, Ҳиндистон, Индонезия, Марокаш, Жанубий Африка ва Нигерия) 14 000 нафар одам орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, ҳар бешинчи иштирокчи ўзида ёки оиласида хоҳлаганча фарзанд йўқлигини айтган. Бу давлатлар ер юзидаги аҳолининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Сўровда ёшлар ҳам, репродуктив ёшдан ўтганлар ҳам қатнашган.
“Дунёда туғилиш даражасининг мисли кўрилмаган даражада пасайишини кузатмоқдамиз. Аксарият одамлар икки ёки ундан ортиқ фарзанд кўришни истайди. Бироқ туғилиш пасайишининг асосий сабаби – кўплаб одамлар истаган оилани барпо эта олмаслигида. Бу эса ҳақиқий инқироз”, дейди UNFPA раҳбари, доктор Наталия Канем.
Демограф олима Анна Роткирх эса бу тенденцияни “силжиш” деб атаган.
“Умуман олганда, туғилиш кўпинча ўйлагандагидек амалга ошмайди, яъни одамлар истаганидан камроқ фарзанд кўради”, дейди у.
Роткирх Финляндия ҳукумати учун демографик сиёсат бўйича маслаҳатчи сифатида хизмат қилади. У, айниқса, 50 ёшдан ошган респондентларнинг 31 фоизи хоҳлаганидан кам фарзанд кўрганини айтганидан ҳайратда қолган.
Бу сўров каттароқ тадқиқотнинг синов босқичи бўлиб, 2025 йил давомида 50 мамлакатни қамраб олади. Сўровда айрим чекловлар бўлса-да, айрим натижалар аниқ: 39% ҳолларда молиявий сабаблар фарзанд кўришга тўсқинлик қилган. Жанубий Кореяда бу кўрсаткич 58%, Швецияда эса 19%. Фақат 12% одам бепуштлик ёки ҳомиладорликдаги муаммоларни асосий сабаб сифатида кўрсатган. Аммо бу кўрсаткич Таиландда 19%, АҚШда 16%, Жанубий Африкада 15%, Нигерияда 14%, Ҳиндистонда эса 13% бўлган.
“Бу БМТ томонидан паст туғилиш масаласи бўйича биринчи жиддий ҳаракатдир”, дейди Гонконг Фан ва технология университети демографи, профессор Стюарт Жител-Бастен.
Шунингдек, UNFPA туғилиш даражасининг пасайишига қарши чора-тадбирлар эҳтиёткорлик билан кўрилиши кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
“Ҳозирда биз ҳаддан ташқари драматик – гўёки фалокат рўй бераётгандек фикрларни эшитмоқдамиз. Бу ортиқча аҳоли бўлиши мумкин, ёки аҳоли камаймоқда деган ташвишлар. Булар эса аёлларни кўпроқ ёки камроқ фарзанд кўришга мажбурлашга уринувчи сиёсатларга олиб келмоқда”, дейди UNFPA раҳбари, доктор Канем.
У, шунингдек, бундан 40 йил аввал Хитой, Корея, Япония, Таиланд ва Туркия ортиқча аҳолидан хавотирда бўлганини, аммо 2015 йилга келиб улар, аксинча, туғилиш даражасини кўтаришга ҳаракат қилишга киришганини эслатган.
“Биз ушбу мамлакатлар шошқалоқ, ваҳимага асосланган сиёсат қабул қилиб юборишининг олдини олишга ҳаракат қиламиз. Бугунги кунда биз туғилишнинг пасайиши, аҳоли қариши, демографик ўсишнинг тўхташи каби ҳолатларнинг миллатчилик, муҳожирларга қарши ва гендер жиҳатдан консерватив сиёсатни оқлаш воситаси сифатида ишлатилаётганини кўряпмиз”, дейди профессор Жител-Бастен.
UNFPA, шунингдек, молиявий омиллардан ҳам муҳимроқ тўсиқ – бу вақт етишмаслиги эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичи пасайгани хабар қилинганди. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида 266 478 та тирик туғилиш қайд этилди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 мингга кам дегани.
Live
Барчаси