“Бургуткўз ҳакамларингдан айланай, ЎФА!”. “Пахтакор”га қарши ўйиндан сўнг “Металлург” клуби жиддий баёнот билан чиқди

Спорт

image

Кеча, 9 сентябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 18-тур баҳсларидан ўрин олган учрашувлар доирасида Тошкентнинг “Пахтакор” клуби ўз майдонида Бекободнинг “Металлург” жамоасини қабул қилди ва 2:1 ҳисобида зафар қучди.

“Шерлар”нинг ғалаба голига 56-дақиқада Аббос Файзуллаев муаллифлик қилди. Аммо ушбу вазиятда “Металлург” дарвозабони Александр Лобанов Файзуллаевнинг бош билан йўллаган зарбасини чизиқ устидан қайтаргандек туйилди. Аксарият мухлис ва мутахассислар ҳам тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтмади, деган фикрни берди. Бироқ бош ҳакам Фирдавс Норсафаров ва унинг ёрдамчилари ушбу вазиятни гол дея баҳолади. Учрашувда VAR тизимидан фойдаланилмаган эди. Шу сабаб ҳакамларда вазиятни объектив баҳолашнинг иложи бўлмади.

Албатта, ушбу вазият Бекобод клуби матбуот хизматининг ҳам назаридан четда қолмади. Улар ўзларининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Бургуткўз ҳакамларингдан айланай, ЎФА!” сарлавҳаси билан баёнот берди. Ушбу баёнотда бекободликлар учрашувдаги ҳакамлар гуруҳи фаолиятидан қониқмаганини очиқ айтган.

“Учрашувдан олдин ОАВ саҳифаларида кўп таъкидланган 11 йиллик қора анъанага чек қўйилиши мумкин эди. “Металлург” Тошкентда “Пахтакор”дан очко олишга яқин келди. Аммо футболчилардан ранг бўйича ҳам, ҳаракат бўйича ҳам ажралиб турувчи ҳакамларнинг “саҳнага чиқиши” ҳаммасини бузиб қўйди. “Металлург” Тошкентда аламли мағлубиятга учради”, дейилади “Металлург” клубининг баёнотида.

Шунингдек, Бекобод жамоаси матбуот хизмати охирги учрашувларда ҳакамликдан нолиётган “Пахтакор” бош мураббийи Максим Шацкихнинг Жаҳон чемпионати ҳақидаги гапларини заҳарханда киноя билан эслаб ўтган.

“Кутилганидек учрашув мезбонларнинг ҳудудий устунлиги ва кескин ҳужумлари билан бошланди. Ўйинини қарши ҳужум асосига қурган “Металлург” дастлабки босим ва тазйиққа матонат билан бардош берди ва ўзининг имкониятини кутди. Бу имконият эса 23-дақиқада бўй кўрсатди. Тезкор қарши ҳужумда жарима майдонига ёриб кирган Забиҳулло Ўринбоевни мезбонлар посбони тўхтатиб қолди. Ҳакам иккиланмай 11 метрли нуқтани кўрсатди. Пенальтини жабрланувчининг ўзи бехато амалга оширди – 0:1.

Ўйиннинг бундай тус олиши табиийки “Пахтакор”га ёқмади. Жамоа энди ҳимояни ҳам ташлаб, тўлиқ куч билан ҳужумга отланди. Лобанов дарвозаси ёнида кетма кет хавфли вазиятлар юзага кела бошлади. Шундай ҳужумлардан бири тайм охирида Пшемислав Банашакнинг голи билан тугади. Мазкур голни аслида бекободликлар “ҳакамнинг ёрдами билан” ўзларига ўзлари олиб келишди. 33-дақиқада Керим Палич рақиб ҳудудида рақиб оёғи тагига ташланиб, тўпни олиб қўйишга эришди. Бир қараганда тоза ҳаракат қилгандек эди. Фирдавс эса вазиятни бошқача баҳолади. “Металлург” томонга жарима зарбаси белгилашидан ташқари, меҳмонлар таянч ярим ҳимоячисига оддий вазият учун сариқ карточка ҳам кўрсатди. Стандарт ҳолатидан бошланган ҳужум эса гол билан якунланди – 1:1.

56-дақиқада 56 йил муқаддам жаҳон чемпионатининг финалида йўқ голни инобатга олган рефери Тофиқ Баҳрамов “тирилиб қайтгандай бўлди” (Во дариғ, ўхшашликни қаранг!). “Пахтакор” футболчиси ўнг қанотдан таъқибчисидан қочиб, тўпни жарима майдонига узатди. Олис бурчакда Файзуллаев тўпга боши билан зарба берди. Лобанов дарвоза чизиғи устида туриб қўлларини олдинга чўзганча тўпни қайтарди. Норсафаров  вазият нима билан тугашини кузатиб турган бир пайтда, эътибор беринг, Лобанов, “Пахтакор”нинг қанотдан тўпни узатган ўйинчиси, уни таъқиб қилиб келган “Металлург” ҳимоячиси, жарима майдони ичида яна икки футболчининг орасидан қанот ҳаками “тўпнинг чизиқни кесиб ўтганини кўриб турибди-да!!!” Э-э-э, бургуткўз ҳакамларингдан айланай Ўзбекистон, ЎФА, Футбол ҳакамлари маркази, деворгинг келади! Қойилмисан!!!

Сўнгги икки уч ўйиндан буён ҳакамларни роса танқид қилган Максим Шацкихнинг нолалари “қаерларгадир етиб борганга” ўхшайди. “Бундай ҳакамлик билан жаҳон чемпионатини орзу қилманг”, деганди, Лобановский мактабида таҳсил кўрган Максим! Энди-чи, энди ҳам орзу қилмайликми, Мундиални?!

Собиқ Иттифоқ даврида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган “Пахтакор”га барча ишқибозлик қилган. Отамиз ҳам, тоғамиз ҳам, жиянимиз ҳам, қўшнимиз ҳам, ўзбек ҳам, ўрис ҳам! Хуллас ҳамма ўзбекистонликлар! Шу боисдан ҳам мезбонлар (“Пахтакор”) расмий Telegram канали таъкидлаганидек, “сигирнинг оппоқ сутидай топ тоза гол”инглар муборак бўлсин, “отамнинг “Пахтакори!”, дея якунланади “Металлург” клубининг баёноти.

Маълумот учун, Ўзбекистон Суперлигасининг ортда қолган 18 та туридан сўнг, 35 очко жамғарган “Пахтакор” мусобақа жадвалида етакчилик қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

“Пахтакор” “Металлург”

Баҳолаганлар

432

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг