Букмекерлик гиёҳванд моддалар рекламаси билан тенг – Ҳабиб Нурмуҳамедов
Спорт
−
22 Август 2022
4195Россиялик собиқ ММА жангчиси Ҳабиб Нурмуҳамедов бумекерликни (спорт ўйинларига пул тикиш – таҳр.) гиёҳванд моддалар билан тенглаштирди. Шу сабабли у ўзи асос солган Eagle ММА лигасида букмекерлик компанияларини реклама қилмайди. У бу ҳақда "Sport24" нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
"Бизда етарлича яхши ҳомийлар бор. Ушбу ҳамкорлар билан биргаликда мусобақаларда қатнашишимиз ҳамда турнирлар ўтказишимиз мумкин. Бизга букмекерлар керак эмас. Менимча, букмекерлик алкоголдан ҳам хавфлироқ. Бу спиртли ичимликларни реклама қилишдан ҳам ёмонроқдир. Чунки букмекерлар оилаларни бузади. Ўзингиз биласиз, қанча оилалар бор букмекерлар дастидан хонавайрон бўлган. Уларнинг алдовларига асосан ёш йигитлар ишонади. Йигитчалар озгина ўйнагач, қарам бўлиб қолади. Бу қандай кучли касаллик эканлигини биласиз. Қимор – бу гиёҳвандлик билан бир хил. Яъни букмекерларни реклама қилиш гиёҳванд моддаларни реклама қилиш билан тенг. Мен учун қимор ва гиёҳвандлик бир хил даражада. Ҳаммаси гиёҳвандлик", деган собиқ чемпион.
Қайд этиш жоизки, замонавий спортнинг асосий ҳомийларидан бири сифатида букмекерлар кўрилади. Улар миллионлаб оилаларни қашшоқ қилиш ҳисобига миллиардлаб доллар йиғмоқда. Афсуски, бу ўйинларга қарши оммавий курашиб бўлмайди. Сабаби ғарб мамлакатларида букмекерлик компаниялари гуллаб яшнамоқда. Уларнинг фаолиятига ҳеч қандай тўсиқ ва чекловлар йўқ. Ўзбекистонда эса букмекерлик фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат қонунан тақиқланади.
Маълумот ўрнида, 2020 йил октябрь ойида 32 ёшли Нурмуҳамедов UFC 254 турнирида Жастин Гетжиини иккинчи раундда мағлуб этган эди. Жангдан сўнг россиялик жангчи фаолиятини якунлаганини эълон қилган. Ҳабиб ММА'даги фаолияти давомида 29 та жангда иштирок этиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Жумладан UFC'даги 13 та жангда 13 та ғалабага эришган.
LiveБарчаси