Бухородаги мактабда ҳожатхонадан синфхона ўрнида фойдаланиб, дарс ўтилдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Когон шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактабининг ҳожатхонасида ўқувчиларга дарс ўтилаётгани ҳақида фотофакт ва хабарлар тарқалган эди. Бухоро вилояти ҳокимлиги мазкур сурат ва хабарларга нисбатан расмий изоҳ берди. 

Унда қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабар вилоят Халқ таълими бошқармаси мутасаддилари томонидан батафсил ўрганилган. “Бобур” МФЙда жойлашган мазкур умумий ўрта таълим мактаби 1986 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда 2013 йилда капитал таъмирдан чиқарилган 1051 ўринли замонавий бинода жойлашган.

Унда 2019-2020 ўқув йилида 1573 нафар ўқувчига таълим-тарбия бериб келинмоқда. Мактаб биноси 3 қаватдан иборат бўлиб, 1986 йилда ҳар бир қаватида ички ҳожатхона, ювири лойиҳалаштирилган бўлса-да, барча қаватларда ҳожатхона йўқ. Таълим муассасасининг ҳожатхонаси эса биринчи қаватида жойлашган ва йиллар давомида шу ҳожатхонадан фойдаланиб келинмоқда.

“Ижтимоий тармоқда суратлари тарқатилган 2- ва 3–қаватлардаги ҳожатхона ва ювиниш хоналаридан айтиб ўтганимиздек, йиллар давомида фойдаланилмаган ҳамда мактаб маъмурияти томонидан ёпиб қўйилган.

Бундан бир ойча аввал ана шу хоналардан бири ўқувчилар билан алоҳида, синфдан ташқари машғулотларда фойдаланиш учун реконструкция қилинган. 13 декабрь куни ушбу хонада 9-синф ўқувчиларидан мактаб ўзбек тили ўқитувчиси А.Ф. раҳбарлигида ўзбек тилидан назорат иши олинган. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган сурат шу жараёндан.   

Иккинчи суратда кўрсатилган хона 2х1 ўлчамли кичкина ювиниш хонаси бўлиб, ундан  умуман фойдаланилмайди”, дейилади расмий изоҳда.

Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг талаби билан юқорида тасвирланган хонадан фойдаланиш тўхтатилди ва синфдан ташқари машғулотларни ўтказиш учун иккинчи сменада, тушдан кейин бўшайдиган синф хоналаридан фойдаланиш ташкил этилди.

Шу ўринда савол туғилади: агар ҳақиқатан ҳам ушбу ҳожатхонадан кўп йиллар давомида фойдаланилмаган ва у синф хонасига мослаштирилиб, таъмирланган, тарқатилган хабарлар асоссиз бўлса, нега Халқ таълими бошқармаси бошлиғи бу хонадан фойдаланишни тўхтатишни талаб қилади. Бордию бутун мактаб ҳақида ҳам шундай хабар тарқатилса ва бу хабар ҳам асоссиз деб топилса ҳам, мактаб биноси ёпиб қўйиладими? 

Шунингдек, расмий баёнотда мактаб бундан 6 йил аввал, яъни 2013 йилдан капитал таъмирдан чиқарилгани айтилади. Қизиқ, Бухоро вилояти ҳокимияти, мутасаддилар капитал таъмир деганда нимани тушунади? 6 йил аввал қилинган капитал таъмир шу қадар сифатсиз бўлганми ё у эски-туски билан ямалганми? Қолаверса, мактаб капитал таъмирланган вақтда нега айтилганидек йиллар давомида ҳожатхона сифатида фойдаланилмаган ва вақти келиб синфхонага айлантирилган хона таъмирдан четда қолиб кетган? Саволлар кўп, жавоб берадиган киши борми? 


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро Мактаб

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг