Бухорода солиқ инспектори пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
28 Июль 7593 2 дақиқа
Бухоро шаҳрида МЧЖ раҳбарининг мол-мулкига қўйилган тақиқни бекор қилиш эвазига 400 доллар талаб қилган солиқ инспектори ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ томонидан 2024 йил ноябрь-декабрь ҳамда жорий йил январь-февраль ойлари учун жамиятни айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботи ва даромад солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмагани учун МЧЖ раҳбарига нисбатан Бухоро шаҳар солиқ инспекцияси томонидан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорга асосан МИБ Бухоро шаҳар бўлими томонидан ижро иши қўзғатилган. Ўз навбатида, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан эса МЧЖга нисбатан қўлланилган жазони бекор қилиш тўғрисида қарор чиқарилган.
Аммо Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси шўъба бош инспектори суд қарорига асосан МЧЖ раҳбарининг мол-мулкига қўйилган тақиқни бекор қилиш эвазига 400 АҚШ доллари талаб қилган. ДХХ ва ИЖҚК департаменти вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда инспектор талаб қилинган пул маблағини олган вақтида ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори ва Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармасининг Солиқ органлари фаолияти устидан назорат қилиш бўлими бош инспектори пора билан қўлга тушганди.